Май ойида банкларнинг муаммоли кредитлари 2,4 трлн сўмга камайди

Май ойида банкларнинг муаммоли кредитлари 2,4 трлн сўмга камайди

Иллюстратив фото: Bankers.uz

1 июнь ҳолатига кўра, тижорат банкларининг жами муаммоли кредитлари 2,4 трлн сўмга камайиб, 20,9 трлн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк статистик маълумотларида айтилди. Ой давомида банкларнинг жами кредит портфели 6,6 трлн сўмга ортган. Муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши эса 4,3 фоизгача тушган.

Давлат банклари

Давлат банкларининг кредит портфели май ойида 4,2 трлн сўмга кўпайган. Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк, Агробанк, Халқ банки, Микрокредитбанк ва Алоқабанкларда кредит портфели сезиларли ўсган. Кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) миқдори эса 1,4 трлн сўмга камайган. Муаммоли кредитлар фақатгина Микрокредитбанк (+42 млрд сўм), Алоқбанк (+41 млрд сўм), Туронбанк (+2 млрд сўм) ва Пойтахт банкда (+400 млн сўм) кўпайган. Қолган барча давлат банкларида ўтган ойда муаммоли кредитлар камайиши кузатилган. Хусусан, NPL камайиши энг кўп Ўзсаноатқурилишбанк (-371 млрд сўм), Ўзмиллийбанк (-539 млрд сўм), Бизнесни ривожлантириш банки (-301 млрд сўм) ва Халқ банки (-186 млрд сўм) ҳисобига тўғри келган.

Хусусий ва бошқа банклар

Нодавлат банклари жами кредит портфели ўтган ойда 2,3 трлн сўмга ортган. Портфелнинг нисбатан кўпроқ ўсиши Капиталбанк, Ҳамкор банк, Ипак йўли банки ва Анорбанкларда кузатилган. Кредит портфелдаги NPL миқдори эса 973 млрд сўмга камайган. Давлат назоратида бўлмаган банкларда муаммоли кредитлар камайишига асосий ҳиссани Ипотека банк (-874 млрд сўм) қўшган. Қайд этиш керакки, Октобанк кредит портфелидаги 106 млрд сўмлик муаммоли кредитлар май ойида нольга айланган. Мазкур секторда Капиталбанк (+48 млрд сўм), Ипак йўли банк (+32 млрд сўм), Азия Альянс банк (+20 млрд сўм), ANORBANK (+13 млрд сўм), TBC Bank Uzbekistan (+14 млрд сўм) ва Универсал банкларда (+5 млрд сўм) NPL'нинг ўсиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида тижорат банкларининг жами муаммоли кредитлари 1,7 трлн сўмга ортиб, 23,3 трлн сўмни ташкил қилганди. Ой давомида банкларнинг жами кредит портфели 5,4 трлн сўмга ортган. Муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши эса 4,8 фоизгача етганди.

×