21 февраль, душанба куни АОКАда "Марказий банк томонидан банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар" мавзусида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда Марказий банк Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори Акмал Назаров иштирок этиб, 2021 йил Марказий банк томонидан ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар тўғрисида гапириб берди.
Акмал Назаровга кўра, ўтган йил давомида Марказий банкнинг банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти соҳага оид янги меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалдагиларини такомиллаштириш, хорижий компания ва экспертлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, кредит ташкилотлари фаолиятини тизимли назорат қилиш орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилди.
Хусусан, 2018 йил 2 июлда 3030-сон билан давлат рўйхатига олинган “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги низомга янги қоидалар киритилди:
- барча банклар истеъмолчиларга омонат ва кредитлар бўйича асосий шартларни бир хил шаклда тақдим этиши;
- банкнинг масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали кўрсатилаётган хизматлари бўйича шартнома шартлари билан олдиндан танишиб чиқиш ва нусха олиш имкониятини яратиб бериши;
- банк карталари эгаларининг қонуний манфаатларини таъминлаши белгилаб қўйилди.
Молиявий ташкилотлар ва истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларда рақамли молиявий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ хатарларни камайтириш мақсадида “Рақамли молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш стандартлари” ишлаб чиқилди.
Мазкур стандартлар:
- рақамли молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш;
- молиявий ташкилотлар ва рақамли молиявий хизматлар истеъмолчилари ўртасидаги рақамли молиявий хизматлар билан боғлиқ ўзаро муносабатларда адолатсиз амалиётларнинг олдини олиш;
- рақамли молиявий хизматлардан фойдаланишда истеъмолчилар учун юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, тижорат банклари ва микрокредит ташкилотлари билан қарз олувчи-жисмоний шахслар ўртасидаги истеъмол кредити ҳамда микроқарз ажратиш билан боғлиқ муносабатларда қўллаш учун кредит портфели сифатини яхшилаш, қарз олувчиларнинг кредитга лаёқатлилик кўрсаткичини масъулиятли баҳолаб, келгусида қарздорлар томонидан тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келмаслигини таъминлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмларини яратиш мақсадида “Масъулиятли кредитлашнинг умумий тамойиллари” ишлаб чиқилди.
Банк хизматлари истеъмолчиларига барча тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар учун таклиф этилаётган молиявий хизматлар тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳамда уларни таққослаш имконини берувчи www.bankxizmatlari.uz ахборот портали ишга туширилди.
Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz
Мазкур портал фойдаланувчиларга тижорат банкларининг молиявий хизматлари (кредитлар, омонатлар, валюталарни айирбошлаш, халқаро пул ўтказмалари ва бошқа хизматлар)ни излаш, улар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиш, дастлабки ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ўзига мақбул хизматларни танлаш ва ундан фойдаланиш бўйича оқилона қарор қабул қилиш имконини беради.
Швейцариянинг “Business&Finance Consulting” компанияси билан ҳамкорликда бешта ҳудудда фаолият юритаётган 11 та тижорат банкининг 66 та филиалида тадбиркорларга икки йўналишда, яъни тадбиркорликни ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини молиялаштиришда кредит хизматларини тақдим этиш сифати ўрганилди.
Ўрганиш натижасида мижозларга хизмат кўрсатиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда банк хизматлари кўрсатилишининг заиф томонларини яхшилаш чоралари кўрилди.
Жумладан, банклар томонидан турли алоқа каналлари орқали мижозларнинг хизмат кўрсатиш сифатидан қониқиш даражасини аниқлаш бўйича сўровлар ўтказиб бориш ҳамда банкларнинг бош офислари томонидан ишлаб чиқилган мижозларга хизмат кўрсатиш стандартларида белгиланган талабларга жойлардаги банк ходимлари амал қилаётганлиги ҳолатини баҳолаш бўйича “сирли мижоз” назорат тадбирлари ўтказиш амалиётлари йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, 10 та микрокредит ташкилотида кредит шартномаларининг расмийлаштирилиши, фоиз ставкалари белгиланиши ва ҳисобланиши масалалари жойига чиқиб ўрганилди, 26 та тижорат банкининг 897 та муассасасида банк карталари эгаларига банк муассасаларида жойлашган терминаллар орқали хизмат кўрсатилишини ўрганиш юзасидан жами 917 та назорат тадбирлари амалга оширилди.
Қолаверса, 26 та тижорат банкининг жами 529 та муассасасида омонат хизматлари кўрсатилишининг сифати, банк ходимлари томонидан мижозларга омонат хизматлари тўғрисидаги ахборотларнинг тўлиқ ва тўғри берилиши ҳамда омонатни расмийлаштириш жараёнлари “сирли мижоз” тартибида ўрганилди.
Бундан ташқари, 92 та мурожаат бўйича банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тикланишига кўмаклашилди ва истеъмолчиларга жами 25,4 млрд. сўмлик маблағларини қайтариб берилиши таъминланди.
Марказий банкнинг @CBUz_bot телеграм боти орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан йўлланган 550 дан ортиқ саволлар ҳамда муаммолар юзасидан уларга ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар бериб борилди.
Ўтказилган ўрганишлар ва назорат тадбирлари натижалари бўйича банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйган 16 та тижорат банки ва 8 та микрокредит ташкилотидан жами 1 177 млн. сўм миқдорида жарималар ундирилди.
Банкларга нисбатан кўрилган чоралар таъсирчанлигини ошириш мақсадида ундирилган жарималарнинг 829 млн. сўми ёки 70 фоизи қоидабузарликлар йўл қўйилишига сабабчи бўлган банкларнинг 466 нафар масъул ходимлари ҳисобидан қопланди.
Шу билан бирга, тижорат банклари томонидан қоидабузарликларга йўл қўйган 269 нафар ходимларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган. Хусусан, 152 нафар ходимга “хайфсан” берилган,
100 нафар ходимнинг иш ҳақидан жарима ундирилган ва 17 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Тижорат банклари бошқарувига банкнинг Колл-марказ рақамлари орқали операторлар билан боғланиш вақтини камайтириш бўйича кўрсатмалар берилиши натижасида, ўтган йилнинг январь ойида банкларнинг Колл-маркази оператори билан боғланиш учун ўртача
11 дақиқа вақт талаб этилган бўлса, бугунги кунга келиб икки дақиқагача қисқарди. Шунингдек, тижорат банкларига берилган кўрсатмалар натижасида 14 та тижорат банки томонидан қисқа рақамли профессионал Колл-марказлар ташкил этилди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистоннинг 10 та энг ишончли банки — Forbes талқинида
Қишлоқ қурилиш банк бошқаруви раиси маслаҳатчиси Андижон шаҳрига ҳоким этиб тайинланди
HUMO тўлов тизими халқаро карталар амалиётлари учун Миллий шлюзни ишга туширди