Forbes Россия нашри Ўзбекистон банк тизими тўғрисида мақола тайёрлади. Мақолада Forbes, ўзининг версиясига кўра, мамлакатимизнинг энг ишончли ўнта банки рейтингини тузиб чиқди.
2022 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистон россиялик сайёҳлар орасида карта-туризми бўйича етакчи бўлди. Чет элда ва хорижий интернет-дўконларда бемалол фойдаланиш мумкин бўлган картани россияликлар Ўзбекистонда 2-3 кунлик саёҳат давомида олишлари мумкин. Ўзбекистон Марказий банки раҳбари Мамаризо Нурмуратов таъкидлашича, жорий йилнинг II чорагининг ўзида мамлакатимиз банкларида норезидентларнинг ҳисобрақамлари сони 47 мингтага ошиб, 169 мингтага етди. Ушбу ўсишнинг катта қисми Беларус, Россия ва Украинадан келган норезидентлар ҳиссасига тўғри келади — 1 июль ҳолатида Ўзбекистондаги россияликлар ҳисобрақамларида 115 млн. доллар мавжуд.
Банк секторида давлат деярли иштирок этмайдиган Арманистон ва Қозоғистондан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда давлат банклари устунлик қилади. Айни пайтда мамлакатимизда 33 та тижорат банки фаолият юритиб, улардан 12 тасида давлат улуши устуворлик қилади. 1 август ҳолатига кўра, улар улушига банк сектори активлари ва капиталининг 80 фоизига, депозитларнинг 67 фоизига тўғри келади. Миқдорий кўрсаткичлар бўйича бозор етакчиси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Ўзмиллийбанк, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Тикланиш ва тараққиёт давлат жамғармасига тегишли) кредитлар ва депозитлар бозорининг 20 фоиздан ортиғини эгаллайди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва макроиқтисодий бошқарувни такомиллаштириш мақсадида “ўтиш даври сиёсати” олиб борилмоқда. Ушбу сиёсат доирасида 2025 йилгача ҳукумат олтита банкни хусусийлаштиришни режалаштирмоқда (шундай қилиб, давлат банкларининг сектор активларидаги улуши икки баробардан кўпроққа қисқариши керак) ва банклар халқаро молия ташкилотларининг кўмагида рентабелликни ошириш, инвестиция жозибадорлигини ва корпоратив бошқарув амалиётини яхшилаш мақсадида ўз бизнес моделларини сезиларли даражада қайта қуришлари керак. Банклар учун асосий рисклар қаторида, Fitch кредитларнинг юқори долларлашув даражасини ва давлат банклари томонидан тўланиши учун узоқ муддатли (уч йилгача) имтиёзли давр тақдим этувчи узоқ муддатли инвестиция кредитларининг катта ҳажмини қайд этди. Шу сабабли мамлакат банкларининг ҳеч бири халқаро рейтинг агентликлари томонидан инвестиция даражасида баҳоланмаган – барча рейтинглар спекулятивдир.
Forbes'нинг баҳолаш тартиби
Forbes нашри банкларни рейтингига кўра саралаган — рейтинги юқорироқ банклар, Forbes рўйхатида юқорироққа кўтарилган. Агар банкларнинг рейтинг даражалари бир хил бўлса, унда активлар миқдори кўпроқ бўлган банклар, юқорироқдан ўрин олган. Рейтингга эга бўлмаган банклар, активлари миқдори бўйича ўринларга жойлаштирилган. Банкнинг рейтингга эга эмаслиги, унинг ишончсизлигини билдирмайди, банкнинг ишончлилиги тўғрисида маълумот мавжуд эмаслигини кўрсатади. Активлар 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра берилган.
Forbes талқинидаги Ўзбекистондаги 10 та энг ишончли банк
- Ўзмиллийбанк
- Ипотека-банк
- Ўзсаноатқурилишбанк
- Халқ банки
- Асакабанк
- Агробанк
- Қишлоқ қурилиш банк
- Микрокредитбанк
- Hamkorbank
- Капиталбанк
Тасодифий хабарлар
Энг кўп кредит қайси ҳудудда ажратилаётгани маълум бўлди
Халқ банки оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратган имтиёзли кредитлари сони 122 мингдан ошди
Туронбанк айрим чакана кредитлар ажратишни вақтинча тўхтатганини маълум қилди