Нишон туманида 713 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди

Фото: Gazeta.uz

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нишон тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди.

Қашқадарё вилоятининг Нишон туманидаги тўртта МЧЖ томонидан «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури доирасида тумандаги «Пахтазор» ва «Самарқанд» МФЙларда яшовчи 64 нафар фуқаронинг жами 80,1 сотих ер майдонидаги иссиқхоналарни тўлиқ қуриб берилмасдан 713,8 млн сўм имтиёзли кредит маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани айтилмоқда.

Шунингдек, жамиятлардан бири фаолияти давомида 575,4 млн сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламагани ҳамда жуда кўп миқдорда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш), 184-моддаси (солиқларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури бўйича берилган кредитлар Навоий вилоятида ҳамда Андижон вилоятларида ўзлаштириб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

×