Сентябрь ойида жисмоний шахслар учун сўмдаги кредитлар арзонлади

Сентябрь ойида жисмоний шахслар учун сўмдаги кредитлар арзонлади

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, сенябрь ойида жисмоний шахслар учун миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка 22 фоиз даражасида сақланиб қолган. Июль ойида мазкур кўрсаткич 22,1 фоизгача етган ва бу омонатлар бўйича ўртача ставкалар очиқланаётган давр учун рекорд кўрсаткич ҳисобланади.

Шунингдек, сентябрда бизнес учун муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка август ойига нисбатан кескин 1,6 фоизга пасайиб, 16,2 фоизга тенг бўлган. Йил бошидан бери бундай паст кўрсаткич фақатгина май ойида кузатилган, ўшанда ҳам юридик шахслар учун муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка 16,2 фоизни ташкил қилганди.

Манба: Марказий банк

Ўтган ой якунига кўра, жисмоний шахслар учун миллий валютадаги кредитлар бўйича ставка бироз пасайган ва 23,8 фоизни (август ойида — 24,5%) ташкил этган. Юридик шахслар учун бу кўрсаткич 22,7 фоиз даражасида сақланиб қолган.

Хориж валютасидаги депозит ва кредитлар

Сентябрь ойида жисмоний шахслар учун хориж валютасидаги депозитларнинг фоиз ставкаларида пасайиш кузатилган. Июль ойидаги 5,5 фоизлик ставкалар сентябрь охирига келиб 4,9 фоизга тенг бўлган. Мазкур кўрсаткич йил бошида 4,7 фоизга тенг бўлганди.

Юридик шахсларнинг муддатли депозитлари июль ойидаги 3,5 фоизгача пасайишдан сўнг, август ойида 5,5 фоизни, сентябрда эса 5,3 фоизни ташкил қилди.

Манба: Марказий банк

Хориж валютасидаги қисқа муддатли кредитлар фоиз ставкалари 11,4 фоизгача ошган бўлса (йил бошида 10,4 фоиз бўлган), узоқли муддатли кредитлар арзонлаган ва 9,9 фоизга тенг бўлган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача тортилган ставка 22 фоизгача етгани ҳақида хабар берилганди.

×