"APEX BANK" АЖ кузатув кенгаши 2026 йил 6 ноябрда бошқарув аъзолари — бошқарув раиси Ольга Леонидовна Нуманова ҳамда раис ўринбосари Шароф Ренатович Икрамовнинг ваколатларини уларнинг ўз хоҳишларига кўра тугатди. Бу ҳақдаги муҳим факт корпоратив ахборот ягона порталида 9 ноябрь куни эълон қилинди.
Бошқарув раиси вазифасини вақтинча бажариш 2025 йил ноябрдан бери раис ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Шерзод Турапович Маджитов зиммасига юклатилди. Ўзгаришлардан сўнг банк бошқаруви 3 кишидан иборат бўлиб қолди: Ш.Маджитовдан ташқари унга раис ўринбосари Тимур Эмирсалиев ва бош бухгалтер Ирина Хан киради. Банк сайтидаги «Раҳбарият» саҳифаси эса ҳозирда «янгиланмоқда» ҳолатида турибди.

Шерзод Маджитов / Фото: Apex Bank
Ш.Маджитов 1988 йилда туғилган, банк соҳасида 16 йилдан ортиқ тажрибага эга. Меҳнат фаолиятини Микрокредитбанкда мутахассис лавозимидан бошлаган, кейинчалик Ўзсаноатқурилишбанк ва Азия Альянс банкда турли, жумладан раҳбарлик лавозимларида ишлаган. APEX BANK'да шу пайтгача чакана бизнес йўналишига масъул бўлиб келган.
Ольга Нуманова 2025 йил 2 декабрда APEX BANK бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, орадан бир ҳафта ўтиб, 10 декабрдан эса Сергей Гимадиев ўрнига бошқариб келаётган эди. Бунгача у 2024 йил январидан 2025 йил ноябригача InFinBank бошқаруви раиси, ундан аввал эса шу банкда раиснинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. 2025 йил августда О.Нуманова InFinBank раиси сифатида "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.
Шароф Икрамов 2024 йил октябрда Тимур Эмирсалиев билан бирга APEX BANK бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланган. Ундан олдин 2004–2021 йилларда Капиталбанкда, 2021–2023 йилларда эса Uzum Bank бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Банк бошқаруви таркиби акциядорлар даражасида ҳам кўриб чиқилади. Кузатув кенгаши 4 ноябрда акциядорларнинг навбатдан ташқари умумий йиғилишини 26 ноябрга чақирган. Кун тартибига бошқарув органлари таркибини қайта кўриб чиқиш, коллегиал ижроия органи — бошқарувга номзод тайинлаш ва кузатув кенгашига номзод сайлаш масалалари киритилган. Шунингдек, йиғилишда банкнинг 2026 йил III чорак якунлари бўйича соф фойдасини тақсимлаш масаласи ҳам кўрилади. Номзодлар кимлиги эълонда кўрсатилмаган.
О.Нуманова ва Ш.Икрамов меҳнат фаолиятини қаерда давом эттириши ҳозирча номаълум. Айрим манбаларга кўра, Шароф Икрамов "Garant bank" АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил майда Баҳром Нуъмонов ўрнига Сергей Гимадиев APEX BANK бошқаруви раиси этиб тайинланган, 2025 йил 10 декабрда унинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилган эди.
