«Hayot Bank» АЖ тобе хўжалик жамиятлари рўйхатига «ZAMAN» Исломий микромолия банки акциядорлик жамиятини киритди. Тегишли муҳим факт 29 июль куни Корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилган.
Ҳужжатга кўра, янги банкни ташкил этиш тўғрисидаги қарор 28 июль куни банкнинг ягона акциядори томонидан қабул қилинган. «ZAMAN» Исломий микромолия банки АЖда Hayot Bank'нинг улуши 100 фоизни ташкил этади, банк Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси, 116-уй манзилида рўйхатга олинган.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга кўра микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этади.
Қонунчиликка мувофиқ, амалдаги тижорат банклари исломий молия хизматларини «ислом дарчаси» очиш орқали ҳам кўрсатиши мумкин. Hayot Bank эса бу йўл ўрнига алоҳида юридик шахс — тўлиқ ўзига тегишли исломий микромолия банкини ташкил этиш вариантини танлаган. Бунда исломий молия операциялари ҳисоби ва таваккалчиликлари бош банк балансидан бутунлай ажратилади.
Микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан берилади. Ҳозирча муҳим фактда янги банкнинг устав капитали миқдори, бошқарув таркиби ва Исломий молия кенгаши ҳақида маълумот келтирилмаган.
Ягона корпоратив ахборот портали маълумотларига кўра, «ZAMAN» микромолия банки Hayot Bank тузилмасидаги бешинчи шўъба ташкилот ҳисобланади ва уларнинг барчасида банк улуши 100 фоизни ташкил этади. Банк илк шўъбаси — «HAYOT IJARA» МЧЖни 2023 йил июлида, яъни лицензия олганидан тўрт ой ўтиб ташкил этган эди.
Қолган тўрттаси эса жорий йилда кетма-кет таъсис этилди: апрелда «HYT-CAPITAL» МЧЖ, майда «HAYOT INVEST INSURANCE» АЖ, июнда «HAYOT FAKTORING TASHKILOTI» МЧЖ ва июлда «ZAMAN» Исломий микромолия банки АЖ. Шундай қилиб, банк тўрт ой ичида тўртта шўъба ташкилот очиб, суғурта, факторинг ва исломий микромолиялаштириш йўналишларини қамровчи молиявий гуруҳ шакллантирмоқда.
«Hayot Bank» АЖ 2023 йил март ойида ташкил этилган ва Марказий банкнинг 91-сонли лицензияси асосида фаолият юритади. Банкнинг ягона акциядори — Ботир Икромжонович Рахимов, Бошқарув раиси эса Одил Пўлатов.
Банк 2025 йилни 41,2 млрд сўм соф фойда билан якунлаган. Устав капитали кетма-кет оширилиб, 2025 йил октябрида 550 млрд сўмга, 2026 йил февралида эса 100 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқариш орқали 650 млрд сўмга етказилган. 2026 йил апрель ҳолатига кўра банк активлари 7,4 триллион сўмни ташкил этган, май ойида эса банк S&P Global Ratings агентлигидан «Барқарор» истиқбол билан «B-/B» даражасидаги кредит рейтингини қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги биринчи микромолия банки — «Таянч» микромолия банки 2025 йил октябрида «Tayyab Finance» микромолия ташкилоти негизида ташкил этилган. Шу ой бошида эса «APEX MOLIYA» микромолия ташкилоти ҳам фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
