«APEX MOLIYA» акциядорлик жамияти микромолия ташкилоти акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида ташкилот фаолиятини исломий микромолия банкига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Тегишли муҳим факт 22 июль куни Корпоратив ахборот ягона порталига жойлаштирилган.
Қарорга кўра, Фуқаролик кодекси ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида», «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида» ва «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар асосида амалдаги микромолия ташкилоти негизида «APEX MOLIYA» исломий микромолия банки ташкил этилади.
Ҳужжатда банк фаолияти фақат исломий банк фаолиятини амалга ошириш билан чекланиши алоҳида қайд этилган — бу Ўзбекистонда шу пайтгача очилган микромолия банкларидан фарқли жиҳат ҳисобланади.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга кўра микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этади.
Қонунчиликдаги ушбу талабга мувофиқ, жамиятнинг устав фонди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 2026 йил 13 июлдаги Р1118-2-сонли акциялар чиқарилиши тўғрисидаги қарорига асосан қўшимча акцияларни жойлаштириш орқали 50 миллиард сўмга етказилади. Устав фондини ошириш Марказий банкдан дастлабки рухсат олингандан кейин амалга оширилади — ижроия органига рухсатнома учун зарур ҳужжатлар тўпламини Марказий банкка топшириш юклатилган.
Йиғилишда банкнинг янги таҳрирдаги устави, бизнес-режаси, ташкилий тузилмаси ва ички ҳужжатлари ҳам тасдиқланди. Банк Бошқаруви беш кишидан иборат этиб шакллантирилиб, унга Бошқарув раиси лавозимида Маъсуд Исомиддинов тайинланди. Кузатув кенгаши таркибига «ISLOM MOLIYASI VA TAKAFUL UYUSHMASI», «KAPITAL – DEPOZIT» МЧЖ, «APEX BANK» АЖ ва «UNIRE INSURANCE BROKER» вакиллари киритилди.
Бундан ташқари, банкда Исломий молия кенгаши ташкил этилиб, унинг низоми ва шахсий таркиби тасдиқланди. Кенгаш уч нафар аъзодан иборат бўлиб, унга Қирғизистондаги «Альхамд Евразия Шариа Эдвайзери Сервисис» МЧЖ директори раислик қилади, қолган икки аъзо Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари ҳисобланади. Мазкур кенгаш банк операцияларининг шариат талабларига мувофиқлигини назорат қилади.
«APEX MOLIYA» Марказий банкнинг микромолия ташкилотлари реестрида 108-рақамли лицензия остида рўйхатга олинган ва Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган. Ташкилот мурабаҳа (насия савдо), ижара, салам, мудараба ва мушорака каби исломий молиялаштириш маҳсулотларини таклиф этади. Исломий молия масалалари бўйича аутсорсинг ҳамкори сифатида «Ислом молияси ва такафул уюшмаси» жалб қилинган.
Ташкилотнинг ушбу йўналишда «Микромолия ташкилотлари томонидан исломий молиялаштиришга оид хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом» асосида фаолият олиб бормоқда. Ўтган ойларда қонунчилик базаси янада кенгайди: 2026 йил 27 мартда исломий банк фаолиятини жорий этишга оид ЎРҚ-1126-сон қонун қабул қилинган бўлса, 17 июлда Марказий банк исломий банк фаолиятини лицензиялаш тартибини ҳам белгилади.
Марказий банк реестрида ташкилот ҳозирча масъулияти чекланган жамият сифатида кўрсатилган, муҳим фактда эса у акциядорлик жамияти сифатида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этишга 2025 йил февралида қабул қилинган қонун билан рухсат берилган эди. Мамлакатдаги биринчи микромолия банки — «Таянч» микромолия банки Марказий банк Бошқарувининг 2025 йил 24 октябрдаги 27/7-сонли қарори билан лицензия олиб, «Tayyab Finance» микромолия ташкилоти негизида ташкил этилган.
