2022 йил ташкил топган "TAYYAB FINANCE MIKROMOLIYA TASHKILOTI" акциядорлик жамияти биринчилардан бўлиб микромолия банкига трансформация бўлиш учун Марказий банкдан дастлабки рухсатнома олди.
Бу ҳақда Bankers.uz’га расмий манбалар хабар берди. Маълумотларга кўра, микромолия банкининг таъсисчиси ва бошқарув таркиби банкирлар (йирик банкларда ишлашган ва кейинчалик рақамли банкларда тажриба орттирган)дан иборат бўлади.
Янги ва биринчилардан бўлиб очилиши кўзда тутилган микромолия банки рақамли банк сифатида фаолият юритиши кўзда тутилиб барча турдаги банк хизматларини кенг тармоқли офисларида кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг февраль ойида қабул қилинган ЎРҚ-1026-сонли қонун билан Ўзбекистонда микромолия банкларини ташкил этишга рухсат берилган эди.
"Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунга кўра микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этади.
Шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ, қуйидаги кредит ташкилотлари ўз фаолиятини ўзгартириши мумкин:
- микромолия ташкилоти — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — банк фаолиятига;
- банк — микромолия банки фаолиятига;
- микромолия банки — микромолия ташкилоти фаолиятига.
Тартибга кўра, "микромолия банки" учун дастлабки рухсатнома 6 ойга амал қилади ва ушбу муддат ичида тегишли тартиб-таомиллар бажарилади. Кейинчалик "микромолия банки" атамаси ҳам фирма номига қўшилиши лозим.
Аҳолининг молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, микромолия банкларининг фаолиятини кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириш мақсадида микромолия банкка банк фаолиятини амалга оширишда айрим чекловлар ҳам белгиланган. Уларга кўра микромолия банкларида:
- жисмоний шахслардан омонатга жалб қилинган пул маблағлари миқдори қонунчиликда белгиланган кафолатланган омонат миқдоридан ошмаслиги;
- бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори 5 млрд сўмдан ошмаслиги;
- тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ажратилган кредитларнинг кредит портфелидаги улуши 70 фоиздан кам бўлмаслиги;
- чет эл банкларида ҳисобварақлар очиш, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларига уларнинг мажбуриятлари бўйича кафолатлар бериш ҳамда мижозларнинг ташқи савдо операциялари бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланганлиги;
- қарз қимматли қоғозларига инвестициялар банкларнинг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар доирасида фақатгина Марказий банк томонидан белгиланган юқори ликвидли қарз қимматли қоғозларига йўналтирилиши мумкин.
"Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонунга кўра, микромолия банки фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия Марказий банк томонидан берилади.