2025 йилда банкларнинг соф фойдаси 2,2 баробарга ортди — инфографика

19.01.2026 10:53

329

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритган 35 та банк жами 15,5 трлн сўм (ўтган йилга нисбатан 2,2 баробар кўп) соф фойда олган. Банклардан 34 таси йилни фойда билан якунлаган. Бешта банкда йиллик соф фойда 1 трлн сўмдан ортган. Соф фойда бўйича етакчи 10 та банкнинг 3 таси давлат банкидир.

Фото:Bankers.uz

Оператив маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон тижорат банклари 15 трлн 502 млрд сўм соф фойда олди. Бу 2024 йилдаги кўрсаткичга нисбатан икки баробардан (+122,5 фоизга) ортиқ ҳисобланади.

Ўзбекистонда 5 та банкнинг йиллик соф фойдаси 1 трлн сўмдан (Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Капиталбанк, Hamkorbank, Ориент Финанс банк), 12 та банкнинг соф фойдаси 500 млрд сўмдан (Ипак йўли банк, Трастбанк, Халқ банки, КДБ Банк Ўзбекистон, Давр-банк, ААБ, БРБ) ва 20 та банкнинг соф фойдаси 100 млрд сўмдан ошган.

Январь ойида лицензияси чақириб олинган Yangi Bank'ни ҳисобга олмаганда, 2025 йил бирорта банк зарар билан чиқмагани билан характерли. Шунингдек, фақатгина иккита банк — Пойтахт банк (684 млн сўм) ва TBC Bank (628 млн сўм) йилни 1 млрд сўмдан камроқ соф фойда билан якунлаган.

2024 йилда 341 млрд соф фойда олган TBC Bank'нинг молиявий кўрсаткичи кескин тушиб кетгани диққатга молик.

Давлат банклари

Давлат улуши мавжуд банклар 2025 йилни 5 трлн 793,7 млрд сўмлик фойда билан якунлаган. Бир йил олдинги натижалардан фарқли равишда, 2025 йилни бирорта давлат банки зарар билан якунламаган. 2024 йилни зарар билан якунлагани Микрокредитбанк (-1,7 трлн сўм) ва Бизнесни ривожлантириш банки (-2,2 трлн сўм) 2025 йилда мос равишда 160,8 млрд сўм ва 503,0 млрд сўм соф фойда олган.

Шунингдек, Асакабанк (5,1 баравар), Халқ банки (1,6 баравар) соф фойдалари ўтган йилга нисбатан фоизда, Ўзсаноатқурилишбанк (+576,9 млрд сўм), Халқ банки (434,0 млрд сўм) соф фойдалари эса миқдорий жиҳатдан ўсишга эришган.

Ўзбекистоннинг энг йирик банки бўлган — Ўзмиллийбанк қарийб 2 трлн сўм соф фойда олган.

Бошқа банклар

Соф фойда бўйича ТОП-10'таликнинг еттитаси давлат назоратида бўлмаган банклар ҳисобланади. Ушбу банклар йил давомида жами 9,7 трлн сўм соф фойда олган. Давлат улуши бўлмаган банклар орасида Капиталбанк 1,79 трлн сўм соф фойда олган ҳолда етакчи бўлди. Ундан кейинги ўринларни Hamkorbank (1,71 трлн сўм), Ориент Финанс банклар (1,04 трлн сўм) эгаллаган. ТОП-10'таликка кирган хусусий банклар орасида фоизда энг юқори ўсиш Давр-банк (62,0%), Капиталбанк (54,7%) ҳамда КДБ Банк Ўзбекистон (31,2%) ҳиссасига тўғри келади.

Барча банкларнинг 2025 йилдаги молиявий натижаси ва 2024 йил билан солиштирмасини қуйидаги инфографика орқали кўриш мумкин.


Теглар:

#соф_фойда#тижорат_банклари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган