"Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO) соф фойдаси 2025 йилда 312 млрд 454 млн сўмни ташкил қилди ва 2024 йилга нисбатан 85,7 фоизга ўсди. Компаниянинг тегишли давр учун ҳисоботи Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.
Ҳисоботга кўра, HUMO тўлов тизимининг йиллик даромадлари 628,98 млрд сўмга етган. Бу 2024 йилги кўрсаткичдан икки баравар — 101,9 фоизга кўпроқдир. Харажатлар эса 120 фоизга ошиб, 214,96 млрд сўмга тенг бўлган.
Ўтган йил давомида АҚШ долларининг сўмга нисбатан ўртача курси 12576 сўм бўлганини ҳисобга олсак, компаниянинг йиллик соф фойдаси тахминан 28,4 млн АҚШ долларини ташкил қилган.
Мазкур даврда компания активлари 434,8 млрд сўмдан 714,4 млрд сўмга ошган. Устав капиталида эса ўзгариш кузатилмаган (155,4 млрд сўм).
Соф фойдаси қарийб 86 фоизга ошганига қарамай, HUMO тўлов тизими ўтган йил мос даврига нисбатан 15,8 млрд сўмга камроқ даромад солиғи тўлаган (15,2 млрд сўм). Бу HUMO'нинг 2025 йил 30 апрель куни IT Park резидентлари қаторига қўшилгани ва солиқ имтиёзларига эга бўлгани билан изоҳланади.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан тўлов ташкилоти, тўлов тизими операторлари IT Park резидентлигидан чиқарилган.
Акциядорлар қарорига кўра, жамият томонидан 2025 йил якунларига кўра олинган соф фойданинг 69,09 фоизи ёки қарийб 215,9 млрд сўми (ҳар бир акция учун 1 388,8 сўмдан) дивидендлар тўлашга йўналтирилмоқда.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январида Миллий банклараро процессинг маркази капиталидаги 100 фоиз давлат улуши “Paynet” компаниясига 65 млн доллар эвазига сотилганди.
Эслатиб ўтамиз, HUMO'нинг эгаси Paynet 2025 йилда 395 млрд сўм соф фойда олган эди. Тўлов тизими операторининг тўғридан тўғри рақобатчиси UZCARD ўтган йилда 1,3 трлн соф фойда олгани маълум бўлганди.
Аввалроқ HUMO'нинг 2025 йилнинг I чораги, ярим йиллиги, тўққиз ойлигидаги соф фойдаси ҳақида ёзган эдик.
