“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO тўлов тизими) 2025 йил I чоракдаги молиявий натижаларини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, компания соф фойдаси ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 28,7 фоизга ўсиб, 48,01 млрд сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, HUMO'нинг соф тушуми 99,1 млрд сўмга етган. Бу ўтган йил тегишли даврига нисбатан 35,9 млрд сўм ёки 56,8 фоизга кўпроқдир.
Компания харажатлари эса 182,9 фоизга ошди ва 14,4 млрд сўмни ташкил этди. Шундан, 10,3 млрд сўм (+212,1 фоиз) маъмурий харажатлар учун ажратилган. Тегишли даврда компания 8,7 млрд сўм фойда солиғи тўлаган. Компания мажбуриятлари ҳам 11,2 млрд сўмга ортган ва жами 77 млрд сўмдан ошган.
Бундан ташқари, компания активлари 59,26 млрд сўмга ошиб (+13,6 фоиз) 494,06 млрд сўмга тенг бўлди. Устав капиталида ўзгариш кузатилмади — 155,4 млрд сўм.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бошида "HUMO" АЖ 65 млн доллар эвазига Paynet компаниясига сотилганди. HUMO хусусийлаштирилганидан сўнг ташкилот бошқарувида ўзгаришлар бўлди. Хусусан, компания ташкил топганидан буён унга раҳбарлик қилиб келган Шуҳрат Курбанов ўрнига "Octobank" АЖ бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алексей Максимов тайинланди.