“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO) соф фойдаси 2025 йил январь-сентябрь ойларида 223 млрд 966 млн сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 87,7 фоизга ўсди. Бу ҳақда компаниянинг Корпоратив ахборот ягона порталида молиявий ҳисоботи эълон қилинди.
Ҳисоботга кўра, HUMO тўлов тизимининг даромадлари 380,9 млрд сўмга етган. Бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 71,4 фоизга кўпроқдир. Харажатлар эса 138 фоизга ошиб, 61,4 млрд долларга тенг бўлан.
Мазкур даврда компания активлари 434,8 млрд сўмдан 676 млрд сўмга ошган. Устав капиталида эса ўзгариш кузатилмаган (155,4 млрд сўм).
Соф фойдаси қарийб 88 фоизга ошганига қарамай, HUMO тўлов тизими ўтган йил мос даврига нисбатан 7,6 млрд сўмга камроқ даромад солиғи тўлаган (14,4 млрд сўм). Бу HUMO'нинг 2025 йил 30 апрель куни IT Park резидентлари қаторига қўшилгани ва солиқ имтиёзларига эга бўла бошлагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг январида Миллий банклараро процессинг маркази капиталидаги 100 фоиз давлат улуши “Paynet” компаниясига 65 млн доллар эвазига сотиланди.
Эслатиб ўтамиз, кеча UZCARD 9 ойлик якуни бўйича 930 млрд сўм соф фойда олгани ҳақида хабар берган эдик.
