UZCARD 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олди

24.03.2026 17:21

213

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ (UZCARD) 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олди. Бу 2024 йилга нисбатан қарийб 37 фоизга кўпроқдир. Солиштириш учун: жамият йиллик соф фойда жиҳатдан Ўзбекистондаги банкларнинг 31 тасидан юқори ўринда турибди.

Фото: 2GIS

"Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ (UZCARD) ўзининг 2025 йил якунлари бўйича Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХС) мувофиқ тузилган алоҳида молиявий ҳисоботини эълон қилди.

Жамиятнинг баланс кўрсаткичлари

Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботга кўра, компаниянинг активлари ва капиталида сезиларли ўсиш кузатилган:

Жами активлар: 2025 йилнинг 31 декабрь ҳолатига UZCARD'нинг жами активлари 1,08 триллион сўмни (1 трлн 87,3 млн сўм) ташкил этди. Бу кўрсаткич 2024 йил якунида 736,2 миллиард сўмга тенг бўлган эди (ўсиш 47,7 фоиз).

Активларнинг кенгайиши асосан асосий воситаларнинг 147,3 млрд сўмдан 254,2 млрд сўмгача, шунингдек, пул маблағлари ва уларнинг эквивалентлари 92,4 млрд сўмдан 159,4 млрд сўмгача кўпайиши ҳисобига таъминланган.

Хусусий капитал: Жамиятнинг ўз капитали ҳам ўсиб, 590,5 млрд сўмдан 809 млрд сўмга етди (ўсиш 37,0 фоиз). Бунда тақсимланмаган фойда ҳажми 748,9 млрд сўмни ташкил қилган.

Мажбуриятлар: Жами мажбуриятлар эса 2024 йилдаги 145,6 млрд сўмдан 2025 йил охирига келиб 278,2 млрд сўмга ошган (ўсиш 91 фоиз).

Фойда ва солиқ имтиёзлари: Компаниянинг 2025 йилдаги солиққа тортилгунга қадар фойдаси 1,31 триллион сўмни (ўтган йилга нисбатан ўсиш 37,5 фоиз) ташкил қилди. UZCARD IT-Park резиденти сифатида қатор имтиёзлардан фойдаланади, шу сабабли фойда солиғи бўйича харажатлари нисбатан кам – атиги 6,17 млрд сўмни ташкил этди. Натижада, жамиятнинг соф фойдаси тахминан 1,3 триллион сўмга етди.

Йиллик соф фойда жиҳатдан компания Ўзбекистондаги фақат 4 та банк (Ўзмиллийбанк, Ўзсаноатқурилишбанк, Капиталбанк ва Ҳамкорбанк)дан камроқ фойда олган холос.

Молиявий ҳисобот "Тўртлик" ("Big Four") халқаро аудиторлик компанияларидан бири ҳисобланган «Ernst & Young» (EY) томонидан аудитдан ўтказилган.

Аудиторлар жамият ҳисоботига ижобий фикр билдирган. Хулосада таъкидланишича, молиявий ҳисобот UZCARD'нинг 2025 йил 31 декабрь ҳолатидаги молиявий ҳолатини, шунингдек, унинг молиявий натижалари ва пул маблағлари ҳаракатини МҲХС талабларига мувофиқ барча муҳим жиҳатларда ҳаққоний акс эттиради.

Эслатиб ўтамиз, UZCARD 2024 йилда 955 млрд соф фойда олган эди.

Теглар:

#uzcard

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган