“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ (HUMO тўлов тизими) 2025 йилнинг ўтган олти ойида қарийб 124,3 млрд сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 52,5 млрд сўмга ёки 73 фоизга кўпдир. Бу ҳақда акциядорлик жамиятининг тегишли ҳисоботида маълум қилинган.
Шунингдек, компания харажатлари ҳам сезиларли ошган. 2025 йил 1-ярим йилликда умумий харажатлар 32 млрд сўмга яқинлашган бўлиб, бу 2024 йил шу даврига нисбатан 2 бараварга яқин ўсишни билдиради (2024 йил 1-яримда: 18 млрд сўм).
Хусусан, маъмурий харажатлар ҳажми 18 млрд сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан маъмурий харажатлар ҳам деярли 2 бараварга ортган.
Компаниянинг жами активлари йил бошига нисбатан 80,7 млрд сўмга (16,3 фоизга) ўсиб, 2025 йил 1 июл ҳолатига 574,7 млрд сўмни ташкил этган.
Йил бошига нисбатан компания устав капитали ўзгармаган ва 155,45 млрд сўм миқдорида сақланиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил якунларига кўра, HUMO тўлов тизими 168 млрд сўм соф фойда олган эди.