Тўртта банкнинг устав капитали минимал талаб даражасига етмади

17.01.2025 08:00

404

2024 йил якуни бўйича 4 та банк устав капиталини минимал талаб — 500 млрд сўм даражасига етказа олмади. Улардан учтаси - Yangi bank, Евроосиё банки ва Эрон Содерот банкида капитални ошириш бўйича қилинган ишлар маълум эмас.

Фото: Bankers.uz

Bankers.uz олган оператив маълумотларга кўра, 2025 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистондаги тўртта тижорат банкининг устав капитали 500 млрд сўмга етмаган. Булар Yangi Bank, Евроосиё банки, Пойтахт банк ва Эрон Содерот банклар ҳисобланади.

"Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга кўра 2024 йилнинг 1 апрелидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 350 млрд сўм, 2025 йилнинг 1 январидан эса 500 млрд сўм этиб белгиланган.

Тўртта банкнинг устав капитали миқдори қуйидагича:

  1. Yangi bank — 200 млрд сўм;
  2. Евроосиё банки — 200 млрд сўм;
  3. Пойтахт банк — 100 млрд сўм;
  4. Эрон Содерот банк — 64 млрд сўм.
Мазкур банкларнинг устав капитали 2024 йил давомида ўзгаришсиз қолган.

2024 йилнинг март ойида "Пойтахт банк" АЖ хусусийлаштириш билан боғлиқ музокаралар давом этаётгани, устав капиталини ошириш масаласи банкнинг янги инвесторига талаб сифатида қўйилиши кўзда тутилгани боис, ушбу вазифа бўйича ишлар амалга оширилмаётганини маълум қилганди. Ўтган йил июнь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг "Bond Investments limited LLC" компанияси Пойтахтбанкни 10 млн АҚШ долларига сотиб олиш бўйича келишувга эришган. Банкнинг маълум қилишича, устав капиталини ошириш масаласи янги инвесторнинг ва банк кузатув кенгашининг устувор вазифаларидан бўлиб турибди. Эслатиб ўтамиз, устав капиталида давлат улуши мавжуд бўлган банклар норезидентларга давлат улушини тўлиқ сотиш орқали хусусийлаштирилганда Марказий банк бошқаруви банк устав капиталини энг кам миқдорга мувофиқлаштириш бўйича белгилангандан бошқа муддатларни ўрнатишга ҳақли эканлиги кўрсатилган.

2024 йилнинг январь ойида Марказий банк Қозоғистоннинг "Евросиё банки "га Ўзбекистонда банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берганди ва рўйхатга олганди. Кейинчалик "Untitled Bank" лойиҳаси Евроосиё банкига тегишли экани маълум бўлди. Банк вакиллари Ўзбекистонда янги рақамли банк қуришни бошлаганликларини хабар қилганди. Мазкур банк ҳозирга қадар фаолиятини бошламаган.

Yangi Bank ва Эрон Содерот банкларнинг устав капитални ошириш бўйича қўллаётган чора-тадбирлари ҳақида ахборот мавжуд эмас.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжуманида, МБнинг ўша вақтдаги раиси Мамаризо Нурмуратов устав капиталини оширмаган бешта банкнинг операциялари чекланганини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонуннинг 54-моддасига кўра, банк устав капитали миқдори банк устав капиталининг энг кам миқдорига нисбатан белгиланган талабга мувофиқ эмаслиги "қўпол қоидабузарлик" сифатида малакаланади.


Теглар:

#Устав_капитал#капитал

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган