Қозоғистоннинг "Евросиё банки" Ўзбекистонда шўъба банкини очди

Қозоғистоннинг "Евросиё банки" Ўзбекистонда шўъба банкини очди

Фото: Яндекс

Марказий банк Қозоғистоннинг "Евросиё банки"га Ўзбекистонда банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берди ва рўйхатга олди. Бу ҳақда регулятор Матбуот хизмати хабар берди. Банкнинг Ўзбекистонда шўъба банки очилиши ҳақида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ўтган йилнинг май ойидаги матбуот анжуманида гапириб, ўшанда банкка дастлабки рухсатнома берилганини маълум қилган эди. Ўтган йилнинг декабрь ойида Қозоғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги Евроосиё банкига Ўзбекистонда фаолият кўрсатишга ва худди шу номдаги шўъба банкни очишга рухсат берган эди.

"Евросиё банки" АЖ (АО "Евразийский банк") - Қозоғистоннинг 29 йиллик ривожланиш тарихига эга ижтимоий аҳамиятга эга тижорат банки ҳисобланади. У активлари бўйича мамлакатнинг энг йирик банклари ўнталигига киради, чакана банк бозорида етакчи ўринни эгаллайди, корпоратив мижозлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун кенг кўламли хизматлар кўрсатади. Қозоғистон Республикаси ҳудудида банкнинг 19 та ҳудудий филиали ва 119 та касса бўлими мавжуд. Банк ERG (Eurasian Group, Евросиё молия компанияси) гуруҳи экотизимига (минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасидаги дунёдаги энг йирик компаниялардан бири) киради.

“Forbes.kz” маълумотларига кўра, банк акцияларига эгалик қилувчи ERG компанияси якуний эгалари Ибрагимовлар оиласи ҳамда тадбиркорлар Александр Машкевич ва Фаттоҳ Шодиевлар ҳисобланади. Бир йил аввал Фаттоҳ Шодиевнинг ўғли Олимжон Шодиевнинг "Support Level" компанияси Ўзбекистоннинг "Ўзагроэкспортбанк"идаги давлат улушини 5 миллион долларга танловсиз сотиб олиб, бир қатор мажбуриятларни ўз зиммасига олган эди. Кейинчалик банк номи AVO Bank деб ўзгартирилган ҳамда бошқа қозоғистонлик тадбиркор эгалигига ўтган эди.

Евроосиё банки Ўзбекистондаги иккинчи қозоқ банкига айланади. 2019 йилнинг ёзидан буён мамлакатда Қозоғистон Халқ банкининг (Halyk Bank) шўъба корхонаси - Tenge bank фаолият юритмоқда.

×