Фото: Марказий банк
Марказий банк устав капиталини 350 млрд сўмга етказмаган бешта банкнинг актив ва пассив операцияларини чеклаган. Бундан ташқари, банкларга йил охиригача кредитларни таснифлаш ҳисобига қилиниши керак бўлган захира бўйича талабни бажариш масаласини қўйган. Бу ҳақда 31 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида МБ раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.
Матбуот анжуманида Bankers.uz нашри журналисти Акбарали Омонтурдиев мамлакатдаги бешта банк устав капиталини минимал талабга етказмагани, Марказий банк уларнинг пассив операцияларини чеклаганига қарамай, мазкур банклар ижтимоий тармоқлар орқали омонат хизматини таклиф этаётгани тўғрисида савол берди.
“Ҳақиқатдан ҳам, бешта банк устав капитали биз белгилаган минимал талабга чиққани йўқ. Биз уларнинг операцияларни тўхтатганмиз. Пассив операциялар бўйича эълон бераётганини айтяпсиз, ҳақиқатан тўғри, эълон беришлари мумкин. Лекин, биз кунлик баланс бўйича депозитлар қолдиғи ва бошқа [кўрсаткич]ларнинг ўзгаришига қараб, уни назорат қиламиз. Уларнинг фақат актив операциялари чекланган. Пул бозорида ўзининг мавжуд капиталини банкларга, бошқаларга сотиши мумкин”, — деди Мамаризо Нурмуратов.
Марказий банк раисининг таъкидлашича, мазкур банкларнинг Кузатув кенгаши томонидан устав капитали бўйича 350 млрд сўмлик, 2025 йилдан 500 млрд сўмлик тегишли мажбурият тақдим этилган ва регулятор мажбурият бажарилишини кутмоқда.
“ Бунда банклар устав капиталини тўлдирмайдиган бўлса, талабни бажармаган бўлади ва операцияларни амалга оширолмагандан кейин ўз-ўзидан ёпилиш шароитига бориб қолади. Шунинг учун ҳам биз банк истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кераклиги борасида хатарни кўрмаяпмиз ҳозирча, чунки, [банк операциялари ҳақида] эълон берган бўлиши мумкин, лекин балансида депозитларнинг ўсиши ёки актив операциялар кузатилгани йўқ”, — деди Нурмуратов.
Шунингдек, МБ раиси III чорак якунлари бўйича давлат банкларининг рентабеллик даражаси пасайиб бораётгани ҳамда кредитларни таснифлаш ҳисобига қилиниши керак бўлган захира бўйича ҳам изоҳ берди.
“Банклар рентабеллиги банк таъсисчилари учун, лекин регулятор нуқтаи назаридан бизга энг аввало банкларнинг барқарорлиги керак. Марказий банк ҳамма банклар олдига кредитларни таснифлаш ҳисобига қилиниши керак бўлган захирани 1 январгача тўлиқ бажаришни таъминлаш масаласини қўйган. Бу, албатта, айрим банкларнинг зарарга чиқишига ҳам олиб келяпти, лекин бизнинг мақсадимиз, уни фойдали қилиб кўрсатиб сотиш эмас, энг аввало, мижозларга кафолатли банк хизматини ва банк барқарорлигини таъминлашдан иборат”, — деди Мамаризо Нурмуратов.
Айтилишича, айни пайтда захира талабларини бажармаган саккизтага яқин банк қолган. Бошқа банклар эса белгиланган график асосида талабларни бажармоқда.
“Улар бўйича ҳам қатъий [талабларни белгилаганмиз]. Зарарга кирадиган бўлса ҳам, йил охиригача резерв масаласини ҳал қилишлари керак”, дея хулоса қилди регулятор раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг апрель ойида Шавкат Мирзиёев банкларнинг энг кам устав капиталини босқичма-босқич ошириш тўғрисидаги қонунни имзолаганди. 2023 йилнинг сентябридан бошлаб бу 200 млрд сўмни, 2024 йилнинг 1 апрелидан 350 млрд сўмни, 2025 йилнинг 1 январидан эса 500 млрд сўмни ташкил этиши керак.
Ўтган ойда бешта банк ҳамон устав капиталини минимал талаб даражасига етказмагани ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойидан Марказий бу талабларни бажармагани учун тўртта банкнинг актив ва пассив операцияларини чеклаганди. Мазкур молия институтларига кредит бериш ва депозитларни қабул қилиш тақиқланганди.