Фото: cbu.uz
2023 йилнинг 7 апрелида "Банклар ва банк фаолияти" тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилган. Қонуннинг 13 моддасига биноан 2024 йилнинг 1 апрелидан тижорат банклари устав капиталининг энг кам миқдори 350 млрд сўм этиб белгиланган.
Марказий банк маълумотига кўра, 2024 йил 1 март ҳолатига 9 та банк устав капитали юқоридаги талабга жавоб бермаслиги қайд этилган. Bankers.uz ушбу банклар қайси банклар эканлигига аниқлик киритди ҳамда уларнинг март ойи давомида устав капиталини ошириш бўйича чора-тадбирлари билан қизиқди.
Хусусан, 15 март куни "Мадад Инвест Банк" АТБ акциядорлари 150 млрд сўмлик оддий акциялар чиқариш йўли билан устав капиталини 350 млрд сўмгача ошириш тўғрисида қарор қабул қилган. 14 мартда "Uzum Bank" АЖ ва "Smart Bank" АЖ ҳамда 19 март куни "Hayot Bank" АЖ устав капиталини 350 млрд сўмга етказиш мақсадида 150 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқарди.
Шунингдек, "APEX BANK" АЖ ва "Универсал банк" АТБ вакиллари ҳам банк устав капитали минимал талаб даражасига етказилганини маълум қилди.
"Garant bank" АЖ ҳамда "Yangi Bank" АЖ вакилларининг маълум қилишича, устав капиталини минимал талаб даражасига етказиш бўйича чоралар кўрилмоқда, бироқ ушбу банклар 1 апрель санасига мазкур талабни бажара олишмайди. Бундан ташқари, "Пойтахт банк" АЖда хусусийлаштириш билан боғлиқ музокаралар давом этаётгани, устав капиталини ошириш масаласи банкнинг янги инвесторига талаб сифатида қўйилиши кўзда тутилгани боис, ушбу вазифа бўйича ишлар амалга оширилмаётгани маълум қилинди. "Эрон Содерот" банки устав капитали ҳам 1 март ҳолати бўйича 64 млрд сўмни ташкил қилади, бироқ ушбу банк бўйича маълумотлар тақдим этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, иқтисодчи Отабек Бакиров устав капиталини белгиланган талабга етказа олмаган тижорат банклари микромолия банкларига айланишлари мумкинлиги ҳақида ёзганди.
Тасодифий хабарлар
Марказий банк октябрь ойида еттита банкка нисбатан жарима қўллади
Кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди
Тижорат банклари халқаро картадан пул нақдлаштириш учун ўрнатилган комиссия бўйича изоҳ берди