Ҳоким ёрдамчилари қонуний тартибга кўра, маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлашга, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашади. Ҳоким ёрдамчиси аҳолига 21 турдаги кредит, субсидия, грант ва моддий ёрдам ажратишга тавсия бериш ҳуқуқига эга. Аммо ҳоким ёрдамчиларининг ўз ваколати ва мансабини суиистеъмол қилиб, кредит маблағларидан шахсий эҳтиёжлари йўлида фойдаланиш, ўзгалар номига кредит расмийлаштириш орқали банк маблағларини талон-торож қилиши ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Bankers.uz 2024 йил давомида маълум бўлган ҳоким ёрдамчилари томонидан кредитларнинг талон-торож қилиниш ҳолатларини очиқ манбалардан ўрганди.
Олтинсой туманида ўзлаштирилган 200 млн
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти январь ойида Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда маълум бўлишича, тумандаги “Қ.” МФЙ бўйича собиқ ҳоким ёрдамчиси Қ.Н. 7 нафар фуқарога иссиқхона қуриш учун ажратилган 215,4 млн сўм имтиёзли кредитни ўзи норасмий бошқариб келаётган “О.C.” ва “Б.Т.” МЧЖларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиб ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Жарқўрғон туманида 12 нафар фуқаро номига олинган кредитлар
Юқоридаги каби ҳолат март ойида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида ҳам кузатилган. Департамент томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, фуқаро Н.Ш. ҳамда тумандаги “И.” МФЙ бўйича ҳоким ёрдамчиси Х.М. 11 нафар фуқаро ва ЯТТ У.T.нинг номига сохта ҳужжатлар расмийлаштирган. Бу орқали улар 698 млн сўм кредит ажратилишига эришиб, ушбу маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Шаҳрисабз туманида ўзлаштирилган 1,2 млрд сўм
Шу йилнинг август ойида Шаҳрисабз шаҳридаги маҳаллалардан бирининг ҳоким ёрдамчиси Ф.А. МЧЖ раҳбари Р.М. билан тил бириктириб, 2022-2023 йилларда наслли чорва моллари сотиб олиш, паррандачилик, асаларичилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш ва бошқа мақсадларда 14 нафар фуқаро номидан имтиёзли кредит олиш учун шартнома ва ҳисоб-фактура ҳужжатларига электрон рақамли имзо орқали сохта маълумотлар киритган ҳолда банкка тақдим этишган. Натижада, банк томонидан 440,3 млн сўм кредит маблағи ажратилган.
Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси бошқа МЧЖ раҳбари Х.С. билан ҳам келишиб, 25 нафар фуқаро номидан сохта маълумотлар тақдим этиш орқали банкдан 733,3 млн сўм кредит маблағи ажратилишига эришган. Шу тариқа, жами 1 млрд 173,6 млн сўм кредит маблағи талон-торож қилинган.
Жорий йилнинг август ойида Қаршида ҳоким ёрдамчиси ва унинг шериги фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, маблағларни талон-торож қилгани аниқланди. Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Чароғил қишлоғида Н. исмли аёл маҳалладаги С. исмли ҳоким ёрдамчиси билан тил бириктириб, бир нечта фуқароларни алдаб, уларнинг номига кредит олиб, мазкур маблағларни ўз мақсадлари йўлида ишлатиб юборган.
"Менинг номимга 50 млн сўм миқдорида, турмуш ўртоғим номига эса 33 млн сўм миқдорда кредит олдик. 2024 йилнинг июнь июль ойидан бошлаб банк ходимлари мени безовта қила бошлашди. Кредитингизнинг тўлов муддати ўтиб кетган, агар тўламасангиз "Damas" русумли автомашинангизни мусодара қиламиз дейишди. Лекин мен ушбу автомобилни 107 млн сўмга олганман. Бунинг кредитга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен алданиб қолдим, деган “Дарё” нашрига қилган мурожаатида жабрланувчи.
Узун туманида фуқароларнинг хабардолигисиз олинган кредит маблағлари
Сентябрь ойининг 25-санасида Kun.uz нашри Узун туманида ҳоким ёрдамчиси ўзига бириктирилган маҳалла фуқаролари номига уларнинг хабардорлигисиз кредит олгани ҳақида хабар берди.
Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, банк ходимлари келиб, улардан олинган кредитларни сўндиришни сўраган.
“Қишлоғимизга банк ходимлари келиб, кўпчиликка кредитларинг бор, тўланглар, дейишди. Одамлар ҳайрон. Кейин билсак маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси номимизга кредит олиб, тўлаб келаётган экан. Аммо шу кунларда ҳоким ёрдамчиси йўқолиб қолган. Банк ходимлари энди одамлардан пул сўраяпти. Сумма катта, айтишларича миллардлар ҳақида гап кетяпти”, ─ дея таъкидлаган мурожаатчилардан бири.
Элликқалъада талон-торож қилинган 1,1 млрд
Элликқалъа туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси 33 нафар фуқаро номига 1 млрд 88 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит учун тавсиянома расмийлаштирган. Кредит маблағи ажратилгандан сўнг, ўзининг таниши бўлган фуқаро номига МЧЖ ташкил қилиб, амалда уни норасмий тарзда бошқариб келган.
Қўлга киритилган 1 млрд 88 млн сўмни гўёки турли хил маҳсулотлар харид қилиш учун мазкур МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказган ва нақдлаштириш орқали талон-торож қилган. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси ўзининг турмуш ўртоғи ва синглиси номига олинган жами 65,9 млн сўм кредит маблағларини ҳам мақсадсиз сарфлаб юборган.
Ғиждувонда 26 нафар фуқаро номига олинган кредитлар
Ноябрь ойи ўрталарида Ғиждувон туманидаги маҳаллалардан бирининг ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди. Маълум бўлишича, у 26 нафар фуқарога йирик ва майда шохли чорва моллари сотиб олишлари учун 821 млн 858 минг сўмлик имтиёзли кредит тавсияномаси расмийлаштирган. Сўнгра мазкур фуқароларни алдаб, кредит маблағлари эвазига таъминотчи корхоналардан 26 киши учун ажратилган чорва молларини сохта ҳужжатлар асосида қабул қилиб, уларни бошқа шахсларга сотиб юбориш орқали кредит маблағини талон-торож қилган.
Ҳоким ёрдамчиларининг кредит билан боғлиқ бошқа жиноятлари
Хатирчи ва Шаҳрихон туманларида ҳоким ёрдамиси пора олди
Ноябрь ойида Навоий шаҳрида фаолият юритувчи МЧЖ раҳбари қўлга олинди. У фуқарога Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси асосида банкдан 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган ва эвазига 20 млн сўм олгани айтилди. Шунингдек, тезкор тадбирда муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси ўз хизмати учун 10 млн сўм ҳамда Хатирчи туманидаги банк мутахассиси эса тегишли ҳужжатларни тайёрлаб, кредит маблағи ажратиб бериш эвазига 2 млн сўм олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ҳоким ёрдамчиси ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилгани аниқланган. У тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога банкдан 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратишда ёрдам бериш эвазига 9 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бўка туманида кузатилган ҳолат
Декабрь ойида Тошкент вилояти Бўка туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси ушланди. У “Маҳалла еттилиги” тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган фуқарога 120 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишида кўмаклашишни ваъда қилган.
Бунинг эвазига ҳоким ёрдамчиси 5 млн 200 минг сўм олган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси муқаддам судланган бўлган.
Маълумот ўрнида, ҳоким ёрдамчилари ваколатига кўра, ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш учун турли йўналишлар бўйича кредитлар ва субсидиялар ажратиш учун масъул идора ва ташкилотларга ўз тавсиясини беради.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан ўзлаштирилган кредитларнинг аксарияти имтиёзли кредитлардир. Яқинда Fitch Ratings агентлигининг Ўзбекистон банк сектори бўйича директори Павел Каптел муаммоли кредитлар (NPL) билан боғлиқ вазият ҳақида гапириб, имтиёзли кредит ажратаётган банкларда активлар сифати ёмонлашаётганини таъкидлаган эди.
“Биз давлат дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар бераётган қатор давлат банкларида активлар сифати сезиларли даражада ёмонлашганини қайд этамиз. Уларнинг баъзиларида 3-тоифали кредитларининг улуши тармоқдаги ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпроқни ташкил этди ва бу сезиларли захира ва соф йўқотишларга олиб келди”, деган эди Каптел.
23 сентябрь куни Маҳаллабай агентлиги тугатилиб, ташкилотнинг барча вазифалари, шунингдек, ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтказилиши айтилди.
Сўнгги пайтларда кузатилаётган коррупциявий ҳолатлардан кейин ҳоким ёрдамчиси лавозими жамоатчилик томонидан танқид остига олинмоқда.
"...юқори даражада коррупциялашган занжирларнинг энг қуйи бўғинида қолган ҳоким ёрдамчилари воситачи ва навбатчи айбдорга ҳам айланиб бормоқда. Балки мана энди ҳоким ёрдамчиларига 3 йиллик меҳнатлари учун раҳмат айтиб, озодликка қўйиб юбориш пайти келгандир?", ─ деб ёзганди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 февралга қадар туман банклари филиалларида маҳаллабай ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга “маҳалла банкирлари” тайинланади. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада улар билан бирга ишлайдиган “ёрдамчи-агентлар” танлаб олинади.