Шаҳрисабзда ҳоким ёрдамчиси 1,2 млрд сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланди

Шаҳрисабзда ҳоким ёрдамчиси 1,2 млрд сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланди

Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида ҳоким ёрдамчиси бир неча МЧЖ раҳбарлари билан келишган ҳолда фуқаролар номига жами 1 млрд 173,6 млн сўмлик кредит маблағлари жалб қилиш орқали талон-торож қилган. Мазкур ҳолат Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган текширув тадбирлари давомида аниқланган.

Аниқланишича, Шаҳрисабз шаҳридаги маҳаллалардан бирининг ҳоким ёрдамчиси Ф.А. мансаб мавқеидан фойдаланиб, тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноати учун техникалар улгуржи савдосига ихтисослашган МЧЖ раҳбари Р.М. билан тил бириктириб, 2022-2023 йилларда наслли чорва моллари сотиб олиш, паррандачилик, асаларичилик, тикувчилик, иссиқхона ташкил этиш ва бошқа мақсадларда 14 нафар фуқаро номидан имтиёзли кредит олиш учун шартнома ва ҳисоб-фактура ҳужжатларига электрон рақамли имзо орқали сохта маълумотлар киритган ҳолда банкка тақдим этишган. Натижада, банк томонидан 440,3 млн сўм кредит маблағи ажратилган.

Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси бошқа МЧЖ раҳбари Х.С. билан ҳам келишиб, 25 нафар фуқаро номидан сохта маълумотлар тақдим этиш орқали банкдан 733,3 млн сўм кредит маблағи ажратилишига эришган. Шу тариқа, жами 1 млрд 173,6 млн сўм кредит маблағи талон-торож қилинган.

Ҳозирда ҳоким ёрдамчиси, МЧЖ раҳбарлариҳамда бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167 ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани таъкидланди.

×