Фото: Bankers.uz
Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Чароғил қишлоғида Нилуфар исмли аёл маҳалладаги Суннат исмли ҳоким ёрдамчиси билан тил бириктириб, бир нечта фуқароларни алдаб, уларнинг номига кредит олиб, мазкур маблағларни ўз мақсадлари йўлида ишлатиб юборгани айтилмоқда. Бу ҳақда “Дарё” нашри хабар берди.
Нашрнинг хабар беришича, Нилуфар ва Суннат исмли ҳоким ёрдамчиси устидан бир неча фуқаролар шикоят қилган. Жумладан, Зоя Алимованинг айтишича, Нилуфар исмли аёл ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда унинг номига кредит олиб, пулларни ўзининг шахсий манфаатлари учун ишлатиб юборган.
Оилавий шароитим оғир бўлгани учун кредит олмоқчи эдим. Ҳоким ёрдамчиси Суннат ва Нилуфар Юсупова ёрдам беришларини айтиб, кредит олиб беришмоқчи бўлишди. Дастлаб ҳали иш битмаяпти деб юришди. Кейинчалик билсам, номимга кредит олиб, ўзлари еб кетишган экан. Улар менга кредит чиқариб беришлари эвазига 2 миллион сўм ҳам талаб қилишганди. Пластик карточкамни олиб, мана бир неча ойки, ҳали ҳам қайтаришгани йўқ. Ҳолат юзасидан тегишли жойларга мурожаат қилдим, лекин муаммо ҳали ҳам ўз ечимини топмади, дейди у.
Нилуфар менга уйингиз ҳужжатларини тўғирлаб бераман деб, ҳужжатларимни олди. Бир оз муддатдан кейин қилган иши учун 6 миллион сўм миқдорда пул сўради. Лекин шароитим яхши бўлмагани учун беролмадим. Ўша пайтлар отамнинг соғлиғида муаммоси борлиги туфайли вафот этди. Шу боис уй ҳужжатларимни ҳам маълум муддат текширолмадим. Бир-икки ойдан кейин эса уйим бошқа бир инсонга сотилганини билдим, менинг уй сотилишида мутлақо хабарим йўқ, дея таъкидлаган яна бир мурожаатчи Шаҳноза Алиева.
Навбатдаги мурожаатчи Фотима Фармонованинг айтишича, юқоридаги шахслар унга кам чиққан нафақа пулининг қолганини олиб келиб бериш баҳонасида фуқаролик паспортини олган ҳамда орадан кўп ўтмай унинг номига кредит олингани маълум бўлган.
Мен 500 минг сўм миқдорида нафақа пули олиб келардим. 2-3 ойдан кейин нафақа пулим 175 минг сўм кам чиқди. Бу муаммонинг сабабини билиш учун банкка бормоқчи эдим. Аммо Нилуфар “пулни банкдан ўзим олиб келаман, хатолик бўлибди, қолгани нақд қилиб берилар экан”, деди. Иккинчи ойда 250 минг сўм кам пул тушди. Мен туман пенсия жамғармасига мурожаат қилганимда улар сизнинг номингизга кредит чиқарилган дейишди, дея алданиб қолганини айтган Фотима Фармонова.
Жабрланувчининг билдиришича, номига кредит олинганлигидан мутлақо бехабар бўлган. У ҳеч қандай ҳужжатга қўл қўймаганини, ҳаттоки банкка ҳам бормаганини айтмоқда. Фуқаро номига кредит олинганини банк ходимлари кредит тўланиши масаласида безовта қила бошлагач, билган.
Навбатдаги фуқаро Дилафрўз Қобилова ҳам алданганини, ҳоким ёрдамчиси ва Нилуфар исмли аёлнинг ҳийласига чув тушганини айтмоқда. Алданган аёлнинг айтишича, Нилуфар пулга муҳтожлигини айтиб, укасини Кореяга жўнатмоқчилигини, шу сабаб унинг номига кредит чиқаришда ёрдам сўраган. Жабрланувчи аёл дастлаб бунга рози бўлмаган. Нилуфар Юсупова аёлни ишонтириш учун уй ҳужжатларини олиб келиб берган.
Меннинг номимга 50 млн сўм миқдорида, турмуш ўртоғим номига эса 33 млн сўм миқдорда кредит олдик. 2024 йилнинг июнь июль ойидан бошлаб банк ходимлари мени безовта қила бошлашди. Кредитингизнинг тўлов муддати ўтиб кетган, агар тўламасангиз "Damas" русумли автомашинангизни мусодара қиламиз дейишди. Лекин мен ушбу автомобилни 107 млн сўмга олганман. Бунинг кредитга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Мен алданиб қолдим, дейди жабрланувчи.
Қайд этилишича, айни кунда ҳоким ёрдамчиси ва аёлнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов жараёнлари олиб борилмоқда.
Тасодифий хабарлар
ЕТТБ Ўзсаноатқурилишбанкнинг "Яшил иқтисодиёт" ривожига қўшган ҳиссасини юқори баҳолади
Микрокредитбанк факторинг хизматини таклиф қилмоқда
Ўзбекистон халқаро захираларнинг валюта қисми яқин тарихдаги минимумга тушди