Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг хабардорлигисиз уларнинг номига кредит расмийлаштириб келгани айтилмоқда

Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг хабардорлигисиз уларнинг номига кредит расмийлаштириб келгани айтилмоқда

Сурхондарё вилояти Узун туманида ҳоким ёрдамчиси ўзига бириктирилган маҳалла фуқаролари номига уларнинг хабардорлигисиз кредит олгани айтилмоқда. Бу ҳақда Узун туманидаги Чақар маҳалласида яшовчи бир нечта фуқаро Kun.uz’га мурожаат қилган.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, ҳозирда банк ходимлари улардан ўзларининг хабардорлигисиз олинган кредитларни сўндиришни сўрамоқда.

“Қишлоғимизга банк ходимлари келиб, кўпчиликка кредитларинг бор, тўланглар, дейишди. Одамлар ҳайрон. Кейин билсак маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси номимизга кредит олиб, тўлаб келаётган экан. Аммо шу кунларда ҳоким ёрдамчиси йўқолиб қолган. Банк ходимлари энди одамлардан пул сўраяпти. Сумма катта, айтишларича миллардлар ҳақида гап кетяпти”, - дея таъкидлаган мурожаатчилардан бири.

Масалан, Чақар маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган Ойдин Бердиева номига 2022 йил сентябр ойида 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга йиллик 14 фоизлик кредит ажратилган. Кредит суммаси 31 млн 178 минг сўмни ташкил қилади. Онлайн равишда расмийлаштирилган кредит фуқарога иссиқхона йўналишида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун берилган. Шартнома электрон калит орқали имзоланган. Ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Раҳмонов таъминотчи томонидан маҳсулот етказиб берилганини мониторинг қилиш бўйича 40-сонли далолатномани имзолаб, электрон тизимга бириктирган. Унда маҳсулот сифатли етказиб берилгани, кредит ажратилиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.

Манба: Kun.uz

Аммо номига кредит олинганидан фуқаро Ойдин Бердиеванинг хабари бўлмаган. Қолаверса, унинг хонадонига қурилмаган иссиқхона ҳоким ёрдамчиси томонидан қурилди дея далолатнома қилинган.

Бугунги кунда банк томонидан кредитнинг муддати ўтган фоиз қарздорлигини тўлаш бўйича фуқарога талабнома жўнатилган. Унда қарздорликни 10 кунлик муддатда тўлиқ тўлаш талаб қилинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ойдин Бердиева ҳоким ёрдамчиси Жаҳонгир Раҳмоновга, банк ходими ва таъминотчига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб туман прокурорига мурожаат қилган.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Жаҳонгир Раҳмоновнинг телефон рақамига қўнғироқ қилган. Бироқ алоқа йўқлиги туфайли у билан боғланиш имкони бўлмаган.

Kun.uz таҳририяти лавозими билан боғлиқ ҳолда содир этилган жинояти фош бўлаётган касб вакиллари орасида ҳоким ёрдамчилари етакчилик қилаётганига урғу берди. Жамоатчилик фикри етакчилари томонидан ҳам ҳоким ёрдамчилари институти кўп бора танқид остига олиб келинади. 

"...юқори даражада коррупциялашган занжирларнинг энг қуйи бўғинида қолган ҳоким ёрдамчилари воситачи ва навбатчи айбдорга ҳам айланиб бормоқда. Балки мана энди ҳоким ёрдамчиларига 3 йиллик меҳнатлари учун раҳмат айтиб, озодликка қўйиб юбориш пайти келгандир?", - деб ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.

23 сентябрь куни Маҳаллабай агентлиги тугатилиб, ташкилотнинг барча вазифалари ва ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтиши маълум қилинди.

Аввалроқ, Шаҳрисабзда ҳоким ёрдамчиси 1,2 млрд сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланганди. Шунингдек, Қарши туманида Нилуфар исмли шахс тумандаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишловчи Суннат исмли шахс билан тил бириктириб, бир нечта фуқароларни алдаб, уларнинг номига кредит олиб келгани ҳақида хабар берилганди.


×