Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида салкам 2 млрд сўмлик кредитларни ўзлаштириб олган ҳоким ёрдамчиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Ўтказилган текширувларда аниқланишича, Элликқалъа туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси 33 нафар фуқаро номига 1 млрд 88 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит учун тавсиянома расмийлаштирган. Кредит маблағи ажратилгандан сўнг, ўзининг таниши бўлган фуқаро номига МЧЖ ташкил қилиб, амалда уни норасмий тарзда бошқариб келган.
Қўлга киритилган 1 млрд 88 млн сўмни гўёки турли хил маҳсулотлар харид қилиш учун мазкур МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказган ва нақдлаштириш орқали талон-торож қилган. Бундан ташқари, ҳоким ёрдамчиси ўзининг турмуш ўртоғи ва синглиси номига олинган жами 65,9 млн сўм кредит маблағларини ҳам мақсадсиз сарфлаб юборган.
“Ҳозирда унга нисбатан ЖКнинг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддалари (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади ДХХ хабарида.
Ғиждувон туманидаги маҳаллалардан биридаги ҳоким ёрдамчиси эса 26 нафар фуқарога йирик ва майда шохли чорва моллари сотиб олишлари учун 821 млн 858 минг сўмлик имтиёзли кредит тавсияномаси расмийлаштирган. Сўнгра мазкур фуқароларни алдаб, кредит маблағлари эвазига таъминотчи корхоналардан 26 киши учун ажратилган чорва молларини сохта ҳужжатлар асосида қабул қилиб, уларни бошқа шахсларга сотиб юбориш орқали кредит маблағини талон-торож қилган.
Ҳозирда унга нисбатан ЖКнинг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилди.
Сўнгги пайтларда ҳоким ёрдамчиларининг иқтисодий жиноятларга қўл уриши билан боғлиқ ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Ноябрь ойи бошида Навоий ва Андижон вилоятларида кредит олиб бериш эвазига пора талаб қилган ҳоким ёрдамчилари ушланганди. Сентябрь ойида Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси фуқароларнинг хабардорлигисиз уларнинг номига кредит расмийлаштириб келгани аниқланган эди. Ундан аввалроқ эса, Шаҳрисабзда ҳоким ёрдамчиси 1,2 млрд сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилгани маълум бўлди.
Тасодифий хабарлар
Ипотека банкнинг хусусийлаштирилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Маджид Тахиров Мадад Инвест банк бошқарув раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди
Микрокредитбанк 50 млн евролик кредит линиясини жалб қилди