Навоий вилоятида имтиёзли кредит маблағларини талон-торож қилган, Тошкент вилоятида эса имтиёзли кредит олиб бериш эвазига пора талаб қилган ҳоким ёрдамчилари ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Хабарда келтирилишича, Бўка туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг ҳоким ёрдамчиси “Маҳалла еттилиги” тавсияси асосида камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган фуқарога 120 млн сўм имтиёзли кредит ажратилишида кўмаклашишни ваъда қилган. Бунинг эвазига ҳоким ёрдамчиси 5 млн 200 минг сўм олган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси муқаддам судланган бўлган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилди.
Яна бир ҳолатда эса Хатирчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирининг муқаддам судланган ҳоким ёрдамчиси 200 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириб юборган. У совун маҳсулоти ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда, мазкур МЧЖ ва туманда фаолият юритувчи хусусий ўқув маркази номига 200 млн сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилишига эришган. Лекин ушбу пул маблағларини ўзига тегишли хусусий корхона ҳисоб рақамига ўтказиш орқали талон-торож қилишган.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчиси ва МЧЖ раҳбарига нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.