UZCARD тўққиз ойда 1,6 трлн сўм соф фойда олди

29.10.2026 10:41

131

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (UZCARD) 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларини қарийб 1,61 трлн сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 73 фоизга кўпроқ ва компаниянинг 2025 йилдаги бутун йиллик фойдасидан ҳам юқори.

Фото: 2GIS

«Ягона умумреспублика процессинг маркази» АЖ (UZCARD) 30 сентябрь ҳолатига оралиқ қисқартирилган алоҳида молиявий ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот «BALANS-INFORM-AUDIT» МЧЖ томонидан умумий текширувдан ўтказилган. Ҳисоботга кўра, компаниянинг тўққиз ойлик соф фойдаси 1 трлн 608 млрд 876 млн сўмни ташкил этди (2025 йилнинг шу даврида – 929 млрд 970 млн сўм). Таққослаш учун, UZCARD 2025 йилнинг бутун йили давомида 1,3 трлн сўм соф фойда олган эди.

Компаниянинг харидорлар билан шартномалар бўйича тушуми 36,5 фоизга ошиб, 2 трлн 85 млрд сўмга етган. Унинг 1 трлн 895,2 млрд сўми (қарийб 91 фоизи) процессинг бўйича транзакцион комиссияларга тўғри келган, бу кўрсаткич бир йилда 38,9 фоизга ўсган. Нотранзакцион комиссиялардан 187,5 млрд сўм (+16,1%) даромад олинган.

Харажатлар ҳам ўсган: ходимларга сарфлар 180,1 млрд сўмни (+15,8%), маркетинг харажатлари 164 млрд сўмни (+32,3%) ташкил этган. Хусусан, ҳомийликка 31,4 млрд сўм (ўтган йили 11,1 млрд сўм), брендни илгари суришга 15,1 млрд сўм (ўтган йили 5,8 млрд сўм) йўналтирилган. Процессинг ва ускуналарга хизмат кўрсатиш харажатлари 49 фоизга ошиб, 48,4 млрд сўмга етган. Профессионал хизматлар ва офис харажатлари 75,2 млрд сўм бўлиб, шундан 60,4 млрд сўми (ўтган йили 42,2 млрд сўм) 2024 йил июлидан буён компаниянинг ижро органи вазифасини бажараётган «UCMG» МЧЖ бошқарув компаниясига ажратмалардир. Натижада операцион фойда 41,5 фоизга ошиб, 1 трлн 445,7 миллиард сўмни ташкил этган.

Соф фойданинг операцион фойдадан тезроқ ўсишига асосан кутилаётган кредит йўқотишлари бўйича захираларнинг қайтарилиши сабаб бўлган. Йил бошида компания юридик шахсларга берган 395,5 млрд сўмлик қарзлар бўйича 258,8 млрд сўм захира шакллантирган эди, бу қарзларнинг 356,4 миллиард сўми боғлиқ (аффилланган) томонларга тегишли. Тўққиз ойда қарзларнинг 313,5 млрд сўми пул шаклида қайтарилган. Яна 98,9 миллиард сўмлик қарз бўйича боғлиқ томон – «Btech» МЧЖ билан новация келишуви имзоланиб, мажбурият компания кейинчалик ижарага оладиган кўчмас мулк қурилишини молиялаштириш ҳисобидан бериладиган аванс билан алмаштирилган. Юқоридагилар натижасида фойда ва зарар ҳисоботида 258,8 млрд сўмлик соф даромад акс этган (ўтган йили ушбу моддада100,1 млрд сўм харажат бўлган).

Иккала даврда ҳам бу омил чиқариб ташланса, солиқ тўлангунга қадар фойда 1 триллион 509,1 миллиард сўмни ташкил этиб, унинг ўсиши 89,2 фоиз эмас, тахминан 45,9 фоизни ташкил этган бўлар эди.

Эътиборли жиҳати, захиралар қайтарилишининг асосий қисми биринчи ярим йилликка тўғри келган. Учинчи чоракнинг ўзида соф фойда тахминан 463,7 миллиард сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга, компаниянинг солиқ юки ошган. UZCARD 2026 йил 1 апрелдан IT Park резиденти мақомини йўқотгани ва 0 фоизлик имтиёзли ставка ўрнига 15 фоизлик стандарт ставкада фойда солиғи тўлай бошлагани натижасида жорий фойда солиғи харажати 175,2 млрд сўмга етган (ўтган йилнинг тўққиз ойида 3,7 млрд сўм).

Тўққиз ой давомида акциядорларга 1 трлн 281,7 млрд сўм дивиденд тўлови эълон қилинган (ўтган йили 721,6 млрд сўм), пул шаклида 1 трлн 311,8 млрд сўм тўланган. Хусусан, апрель ойидаги йиллик йиғилишда 2025 йил якунлари бўйича ҳар бир акцияга 5 640 сўмдан, жами 282 миллиард сўм, 25 майдаги навбатдан ташқари йиғилишда эса ҳар бир акцияга 13 300 сўмдан, жами 665 миллиард сўм дивиденд тўлашга қарор қилинган. Аудиторлик ташкилоти хулосасига кўра, компаниянинг молиявий ҳолати, жумладан тўққиз ойлик соф фойда ва ўтган йиллардаги тақсимланмаган фойда қонунчилик талабларига риоя этилган ҳолда оралиқ дивидендлар тўлаш имконини беради.

Тўққиз ойлик якунларига кўра, компания активлари йил бошидагига нисбатан 29,8 фоизга ошиб, 1 трлн 411,4 млрд сўмга, хусусий капитали 40,4 фоизга ошиб, 1 трлн 136,2 млрд сўмга етган.

Компания акцияларининг 75 фоизи хорижий инвестициялар иштирокидаги МЧЖга, 25 фоизи жисмоний шахсга тегишли. Тўққиз ойда асосий бошқарув ходимларига 23,3 миллиард сўм мукофот тўланган, улар 6 нафарни ташкил этади (ўтган йили 10 нафар ходимга 21 млрд сўм тўланганди).

Аввалроқ UZCARD йилнинг биринчи ярмида 1,1 трлн сўмдан ортиқ соф фойда олгани ҳақида хабар қилган эдик. Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрида давлатнинг компаниядаги 75 фоизлик улуши 210,1 миллиард сўмга сотилган эди.

Теглар:

#uzcard#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган