UZCARD яна хусусийлаштирилди

12.10.2022 14:13

1 523

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ (UZCARD бренди) даги 75 фоизлик давлат улуши хусусийлаштирилди.

“Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ (UZCARD бренди) даги давлат улуши хусусийлаштирилди. Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестридаги маълумотларга Газета.uz нашри эътибор қаратган.

2020 йилнинг май ойида тадбиркор Ойбек Турсунов компания устав капиталидаги 75 фоиз улуш эгасига айлангани ҳақида хабар берган эдик. Бироқ ўша йилнинг август ойидаёқ у UZCARD таъсисчилари рўйхатидан чиқарилди ва 75 фоиз улуш 5 та давлат банкига — Ўзмиллийбанк (51%), Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Ипотека-банк ва Алоқабанкка (ҳар бирида 6 фоиздан) ўтказилди.

2022 йил март ойида давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш дастури доирасида банкларга тегишли бўлган UZCARD акциялари Давлат активларини бошқариш агентлигига (Давактив) ўтказилди.

Тендер комиссияси UZCARDнинг 75 фоиз улушини мустақил баҳоловчи ташкилотни жалб қилган ҳолда баҳолаш йўли билан сотишга қарор қилди ва август ойи охирида хусусийлаштириш жараёнини эълон қилди.

"Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонунга кўра, компаниянинг бошқа эгалари давлат акцияларининг 75 фоизини имтиёзли равишда сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, давлат улуши компаниянинг қолган 25 фоизига эгалик қилган Мансур Усмонов, Камрон Акбаров, Тимур Азадов ва Обид Агзамхўжаевларга ўтказилган. Эндиликда уларнинг ҳар бири UZCARDда 25 фоиздан улушга эга.

Давактив таъсисчиларнинг ўзгариши ва битим тавсилотлари, хусусан, сотилган давлат улуши қийматини ҳали эълон қилмади.

Теглар:

#хусусийлаштириш#uzcard

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган