"Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ (UZCARD) 2026 йил 30 июнь ҳолатига Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)га мувофиқ тузилган оралиқ қисқартирилган алоҳида молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, компаниянинг ярим йиллик тушуми 1 трлн 325,6 млрд сўмни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 953,3 млрд сўмга тенг эди, яъни ўсиш 39,1 фоизни (+372,3 млрд сўм) ташкил қилган.
Тушумнинг 90,4 фоизи (1 трлн 197,8 млрд сўми) транзакцион комиссияларга тўғри келади (+40,8%). Нотранзакцион комиссиялар 126,4 млрд сўмга етган (+25,1%), қолган 1,4 млрд сўм бошқа даромадлардир.
Давр харажатлари жами 426,5 млрд сўмни ташкил этди (+34,5%). Улар таркибида энг йирик модда — ходимлар харажатлари 123,2 млрд сўм (+18,9%), маҳсулотларни силжитиш ва мижозларни жалб қилиш харажатлари 103,1 млрд сўм (+30,3%), профессионал хизматлар ва офис харажатлари 48,5 млрд сўм (+47,5%), амортизация 42,8 млрд сўм (+22,5%), солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар 33,9 млрд сўм (+18,7%), процессинг ва ускуналарга хизмат кўрсатиш харажатлари 29,8 млрд сўм (+53,7%). Бошқа операцион харажатлар эса 18,4 млрд сўмдан 45,1 млрд сўмга — 2,5 бараварга кўпайган.
Харажатларнинг тушумдан секинроқ ўсиши натижасида операцион фойда 636,4 млрд сўмдан 899,2 млрд сўмга етди (+41,3%), операцион рентабеллик 66,8 фоиздан 67,8 фоизга кўтарилди.
Солиққа тортилгунга қадар фойда 1 трлн 216,5 млрд сўмни ташкил қилди , бу ўтган йил мос давридаги 624,7 млрд сўмга нисбатан 94,7 фоиз кўп. Бироқ бу ўсишнинг сезиларли қисми операцион фаолиятдан ташқарида шаклланган.
Ҳисоботда кутилаётган кредит йўқотишлари (ОКУ) бўйича соф қайтиш суммаси 256,4 млрд сўм миқдорида акс эттирилган, ҳолбуки 2025 йилнинг биринчи ярмида ушбу модда 21,6 млрд сўмлик харажат сифатида қайд этилган эди. Изоҳларга кўра, ёпилган қарзлар бўйича захира қайтиши 269,2 млрд сўмни ташкил қилган: берилган қарзлар бўйича захира йил бошидаги 258,8 млрд сўмдан 30 июнга келиб 2,5 млрд сўмгача камайган, қоплаш даражаси эса 65,44 фоиздан 2,51 фоизга тушган. Даврда 313,5 млрд сўмлик қарз қайтарилган.
Бошқача айтганда, ушбу омилсиз солиққа тортилгунга қадар фойда тахминан 960,1 млрд сўмни ташкил қилган бўлар эди. Таққослаш учун: ўтган йилги базага кредит йўқотишлари бўйича захира харажати қўшилса, ўсиш 94,7 фоиз эмас, тахминан 48,6 фоизни ташкил этади.
Молиявий даромадлар ҳам 25,9 млрд сўмдан 68,5 млрд сўмга — 2,6 бараварга ошган. Уларнинг 38,6 млрд сўми берилган қарзлар бўйича фоизлар, 29,4 млрд сўми молиявий воситаларнинг чиқиб кетишидан олинган даромадлардир.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб жамият Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки резиденти мақомини йўқотди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПҚ-388-сон қарорига мувофиқ юз берган. Натижада илгари қўлланилган фойда солиғининг 0 фоизлик имтиёзли ставкаси бекор бўлиб, жамият Солиқ кодексига кўра стандарт 15 фоизлик ставка тўловчисига айланди.
Даврда жорий фойда солиғи харажати 85,1 млрд сўмни ташкил этган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич атиги 3,1 млрд сўм эди.
1-ярим йиллик якунларига кўра, жамиятнинг жами активлари 1 трлн 218,2 млрд сўмни ташкил этган — бу йил бошига нисбатан 12,0 фоиз кўп. Хусусий капитал 809,1 млрд сўмдан 1 трлн 7,3 млрд сўмга етди (+24,5%), жами мажбуриятлар эса 278,3 млрд сўмдан 210,9 млрд сўмга қисқарган (-24,2%).
30 июнь ҳолатига жамият акцияларининг 75 фоизи хорижий инвестициялар иштирокидаги масъулияти чекланган жамиятга, 25 фоизи жисмоний шахсга тегишли. 2024 йил июлидан бошқарув органи ваколатлари "UCMG" МЧЖ бошқарув компаниясига ўтказилган: ярим йилда унга ажратмалар 38,4 млрд сўмни ташкил этди (2025 йилнинг шу даврида 26,1 млрд сўм). Асосий бошқарув ходимларига (6 нафар) тўланган мукофот 18,9 млрд сўмга тенг.
Эслатиб ўтамиз, UZCARD 2025 йилни 1,3 трлн сўм соф фойда билан якунлаган эди. 2025 йилнинг биринчи ярмида эса жамият қарийб 622 млрд сўм соф фойда олган.
