UZCARD бошқарув тузилмасида ўзгаришлар рўй берди

UZCARD бошқарув тузилмасида ўзгаришлар рўй берди

Фото: Bankers.uz

UZCARD савдо белгиси эгаси ҳисобланган “Ягона умумреспублика процессинг маркази” АЖ (собиқ "Ягона умумреспублика процессинг маркази" МЧЖ) бошқарув тузилмасида ўзгаришлар содир бўлди ҳамда бошқарув функциялари қайта тақсимланди. Бу ҳақда акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинган қарор нусхаси Ягона корпоратив порталга жойлаштирилди. 2022 йилдан компания бош директори лавозимида ишлаб келаётган Олимжон Зокиров ижрочи директор сифатида фаолият юритади.

Шунингдек, йиғилишда акциядорлик жамияти бошқарувини хусусий "UCMG" МЧЖга топшириш бўйича ҳам қарор қабул қилинган. Мазкур компаниянинг 75 фоизига "IMC-Capital" МЧЖ эгалик қилади. "IMC-Capital" МЧЖ ўз навбатида UZCARD'нинг ҳам 75 фоизига эгалик қилади.

Манба: stat.uz

"UCMG" МЧЖнинг раҳбари Давид Меликидзе эканлиги кўрсатилган. Д.Меликидзенинг LinkedIn саҳифасидаги маълумотларга кўра, у 2024 йилнинг июн ойидан UZCARD Group'да CEO (Бош ижрочи директор) лавозимида фаолиятини бошлаган. Бунга қадар у TBC Uzbekistan тизимида аввалига TBC Bank'da CFO (Бош молиявий директор), кейинчалик эса Payme'да CEO сифатида ишлаган.

Давид Меликидзе / Фото: Spot

Эслатиб ўтамиз, UZCARD 2024 йил 9 апрель куни расман масъулияти чекланган жамиятдан (МЧЖ) акциядорлик жамиятига (АЖ) айлантирилганди.

Теглар:
×