Ўзбекистон Республикаси ҳукумати "Туронбанк" АЖ, "Трастбанк" ХАБ ва "Xalq Sug‘urta" АЖ ва бошқа объектлардаги давлат улушини сотувга қўймоқда. Давлатнинг иқтисодиётдаги улушини қисқартиришга оид тегишли президент фармони 28 августда қабул қилинган.
Ҳужжатга кўра, Туронбанк акцияларининг 98,9% очиқ савдога қўйилиши режалаштирилган. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига банкни хусусийлаштиришга тайёрлаш, унинг тайёргарлиги ва халқаро маслаҳатчиларнинг хулосаларини ҳисобга олиш вазифаси юклатилган.
Бундан ташқари Халқ банкининг шўъба корхонаси бўлган Xalq Sug‘urta'даги давлат 100% давлат улуши ҳам сотувга қўйилади.
Рўйхатга шунингдек, Трастбанкнинг давлат улуши ҳам киритилган. Бу улуш атиги 0,001% ни ташкил этади. Ушбу пакет алоҳида баҳолашга эҳтиёж сезмасдан, фонд биржаси котировка нархида сотишга рухсат берилган.
Жорий йилнинг 16 февралида президент томонидан тасдиқланган янгиланган Ўзбекистон-2030 стратегиясида хусусийлаштириш жараёнлари 2027 йилдан бошланиши ва 2030 йилга бориб, 4 та банкда давлат улуши сақлаб қолиниши режалаштирилган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026-2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегияда 2025-2026 йилларда Ўзсаноатқурилишбанк, 2026-2027 йилларда Асакабанк, Алоқабанк ва Туронбанк хусусийлаштирилиши белгиланган эди. Ўзмиллийбанк, Агробанк, Халқ банки, Бизнесни ривожлантириш банки ва Микрокредитбанк эса давлат балансида қолиши режалаштирилган.
Туронбанк
2026 йилнинг I ярим йиллиги ҳолатига кўра, Туронбанк активлари ҳажми 21,95 трлн сўмни, кредит портфели 14,84 трлн сўмни ташкил этади. Кредит портфели бўйича банк тизимида 2,3 фоиз билан Туронбанк 13-ўринда, давлат банклари орасида 9-ўринда туради. Муаммоли кредитлар миқдори (NPL) 588 млрд сўмни ёки жами портфелнинг 4,0% ини ташкил қилади.
Ҳисобот даврида банк 22 млрд сўм соф фойда олган. Банк балансида 222,68 млрд сўм тақсимланмаган фойда бор.
2026 йил 1 август ҳолатига кўра, банк капитали 2 трлн 236,7 млрд сўмни ташкил қилади. Банк акциялари Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, (86,71%), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (12,46%), бошқа акциядорлар (0,83%) қўлида тўпланган.
Мавжуд вазият
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон банк бозорида хусусийлаштириш, сотиб олиш ҳамда бирлашиш ва қўшилиш (M&A) ҳақида кўпроқ гапирилмоқда. Бозорда янги, йирик ўйинчилар қизиқиш билдирмоқда. Хусусан, август ойининг охирида Озарбайжоннинг энг йирик банки "Давр-банк" ХАТБ акциялари назорат пакетини сотиб олиб, бозорда "ABB Davr" бренди остида фаолият юритиши маълум бўлди. Шунингдек, сентябрь ойи бошида Жанубий Кавказ минтақасидаги яна бир йирик ўйинчи Lion Finance Group Ўзбекистон ва Қозоғистондан камида "Топ-5" таликдаги банкни сотиб олиш орқали ушбу бозорлардаги фаолиятини бошлаш режаларини маълум қилди.
