Грузиянинг яна бир банки Ўзбекистон бозорига киришни режалаштирмоқда

02.09.2026 06:02

361

Грузиядаги Bank of Georgia'нинг эгаси — Lion Finance Group холдинги Қозоғистон ва Ўзбекистонда банкларни сотиб олиш ниятида эканини маълум қилди. Холдинг бош директори Арчил Гачечиладзенинг айтишича, холдинг иккита мамлакат банк бозорнинг камида "Топ-5"талигига кирувчи ўйинчиларга қизиқмоқда.

Фото: Bank of Georgia

Жанубий Кавказдаги энг йирик банк гуруҳларидан бири Lion Finance Group Марказий Осиё банк бозорига кириш режаларини маълум қилди. Холдинг амалда Грузиядаги Bank of Georgia, шунингдек Арманистондаги ва Беларусдаги банкларга эгалик қилади, акциялари эса Лондон фонд биржасида котировка қилинади.

Гуруҳ раҳбарияти шу пайтгача кенгайиш йўналишлари сифатида Марказий Осиёдаги икки мамлакат ҳақида умумий тарзда гапириб келган эди — Bloomberg'га берилган изоҳда ушбу мамлакатлар Қозоғистон ва Ўзбекистон деб аниқ номланди. Битим амалга ошса, у хорижий молиявий гуруҳларнинг Ўзбекистон банк секторига кириши бўйича навбатдаги йирик ҳолат бўлади.

Гачечиладзенинг сўзларига кўра, холдинг ноль нуқтадан банк ташкил этишдан кўра мавжуд банкларни сотиб олишни афзал кўрмоқда. Марказий Осиёдан ташқари гуруҳ Болтиқбўйи ва Болқон мамлакатларидаги битимларни ҳам ўрганмоқда.

Гуруҳ ҳақида

Lion Finance Group 2025 йил февралида Bank of Georgia Group номидан ҳозирги номга ўтган. Гуруҳ акциялари 2012 йилдан Лондон фонд биржасининг премиум сегментида котировка қилинади, 2026 йил мартида эса холдинг FTSE 100 индексига киритилган илк грузин компанияси бўлди. Бозор капитализацияси 7,9 миллиард доллар атрофида.

Гуруҳ таркибига Bank of Georgia, Арманистондаги Ameriabank, Беларусдаги Belarusky Narodny Bank ва Galt & Taggart инвестиция банки киради.

Ameriabank тажрибаси ва молиявий кўрсаткичлар

Ameriabank'ни сотиб олиш тўғрисидаги битим 2024 йил февралида эълон қилиниб, ўша йилнинг 24 майида якунланган. Битим қиймати тахминан 303,6 миллион долларни ташкил этган.

Иккинчи чорак якунларига кўра, гуруҳнинг соф фойдаси йиллик ҳисобда 20,6 фоизга ошган, капитал рентабеллиги 27 фоизни ташкил этган, кредит портфели эса ўзгармас валюта курсида 23 фоизга кенгайган. Арманистондаги шўъба банк соф фойдасини 50 фоизга, кредит портфелини 37 фоизга оширган — бу гуруҳ учун сотиб олиш стратегиясининг натижадорлигини кўрсатувчи асосий кўрсаткич бўлиб қолмоқда.

JPMorgan таҳлилчилари баҳосига кўра, холдинг ўн йил ичида бешта банкка эгалик қилиши мумкин.

Гуруҳ раҳбарияти иккинчи чорак натижалари бўйича инвесторлар билан суҳбатда кенгайишнинг асосий сценарийси органик ўсиш эканини, мақсадли ҳудудлар сифатида эса Болтиқбўйи, Болқон ва Марказий Осиёдаги икки мамлакат кўрилаётганини айтган эди. Bloomberg'га берилган янги изоҳда урғу сотиб олиш битимларига кўчган.

Ўзбекистон банк бозорига хорижий молиявий гуруҳларнинг кириши сўнгги йилларда изчил давом этмоқда. Хусусан, TBC Bank Group — Лондон фонд биржасида котировка қилинадиган грузин молиявий гуруҳи, Ўзбекистонда TBC Uzbekistan банки орқали фаолият юритади. Банкнинг 2025 йил биринчи чораги маълумотларига кўра, платформада 19,7 миллион фойдаланувчи рўйхатдан ўтган, ойлик фаол мижозлар сони 6,1 миллионни ташкил этган, кредит портфели 10,05 триллион сўмга етган. Банк таъминотсиз истеъмол кредитлари бозорининг 17,1 фоизини эгаллаган.

Яна бир Шарқий Европа молиявий гуруҳи OTP Group эса Ипотека-банкнинг 73,41 фоизлик улушини 2023 йил ёзида сотиб олганди. Гуруҳ 2025 йиллик ҳисоботида Марказий Осиёни стратегик устувор минтақа деб атаган ва Қозоғистонда сотиб олиш имкониятларини ўрганаётганини маълум қилган.

Шунингдек, яқиндагина Озарбайжон халқаро банки (ABB) Davr bank акцияларининг 51 фоизлик назорат пакетини сотиб олди ва бозорга «ABB Davr» бренди остида маҳаллий бозорга чиқишини маълум қилди.

Теглар:

#Грузия#ўзбекистон#қозоғистон#банк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган