Банклардаги муаммоли кредитлар ҳажми қарийб 23 трлн сўмга етди

24.07.2026 20:28

417

Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредитлар ҳажми йил боши (18,1 трлн сўм)га нисбатан 27 фоизга ошиб, 1-ярим йиллик якунларига кўра 22,9 трлн сўмни ташкил қилди. NPL улуши йил бошидаги 2,99 фоиздан 3,57 фоизгача кўтарилди. Қайси банкда портфел ҳолати қандай эканлиги ҳақида мақолада ўқинг.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунида Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар (NPL) ҳажми сезиларли даражада ошиб, 18,1 триллион сўмдан 22,9 триллион сўмга етди. Олти ой ичида муаммоли қарзларнинг 27 фоизлик ўсиши қайд этилди. Натижада NPL’нинг умумий кредит портфелидаги улуши йил бошидаги 2,99 фоиздан 3,57 фоизгача (+0,58 банд) кўтарилди.

Манба: Марказий банк

Аввал хабар берганимиздек, ярим йил давомида тизимдаги жами кредит портфели 604 триллион сўмдан 643 триллион сўмга, яъни 6,4 фоизлик ўсиш намойиш қилган эди. Бироқ муаммоли кредитлар ҳажми ушбу кўрсаткичдан қарийб тўрт баробар тезроқ суръатда (27 фоиз) кўпайган.

Тизимдаги муаммоли кредитларнинг асосий юки давлат улушига эга банклар "зиммасида" қолмоқда. Мазкур банкларда NPL ҳажми ярим йилда 12,8 триллион сўмдан 16,4 триллион сўмгача ўсди. Бу бутун банк тизимидаги жами муаммоли қарзларнинг қарийб 72 фоизи айнан давлат банкларига тўғри келишини англатади. Натижада давлат банкларида NPL улуши 3,17 фоиздан 3,89 фоизга (+0,72 фоиз банд) кўтарилган.

Хусусий ва хорижий капиталли банкларда эса кўрсаткичлар анча мўътадил кўриниш олган: уларда муаммоли кредитлар улуши йил бошидаги 2,62 фоиздан 2,95 фоизгача (+0,33 фоиз банд) ошган, холос.

Нисбий кўрсаткич бўйича энг кескин ёмонлашиш TBC Bankда кузатилди. Банкнинг NPL улуши 5,71 фоиздан 12,12 фоизгача ошиб, тизимдаги энг юқори кўрсаткичга айланди. Шунингдек, Микрокредитбанкда муаммоли кредитлар улуши 4,41 фоиздан 7,86 фоизгача ошди ва ушбу банк муаммоли қарзларнинг мутлақ ўсиши бўйича тизимда етакчи бўлди — банкнинг NPL ҳажми қарийб 900 миллиард сўмга кўпайган.

Бундан ташқари, Anor Bankда NPL улуши 4,75 фоиздан 7,42 фоизгача, Мадад Инвест Банкда эса 0,62 фоиздан 4,41 фоизгача кўтарилган. Йирик давлат банклари орасида Халқ банки (+501 млрд сўм) ва Агробанк (+493 млрд сўм) муаммоли қарзларнинг мутлақ ҳажмини энг кўп оширган банклар қаторидан ўрин олди.

Тизимдаги умумий салбий динамикага қарамай, айрим банклар ярим йил ичида кредит портфели сифатини сезиларли даражада яхшилашга муваффақ бўлди. Фоиз ҳисобида энг юқори ижобий кўрсаткич Пойтахт банкда қайд этилди — банкда NPL улуши 24,40 фоиздан 7,32 фоизгача пасайди.

Йирик банклар орасида Капиталбанк муаммоли қарзларини қарийб 200 миллиард сўмга камайтириб, NPL улушини 2,81 фоиздан 2,14 фоизгача туширган бўлса, Ипотека-банк муаммоли кредитлар ҳажмини 163 миллиард сўмга қисқартирди. Бундан ташқари, Hayot Bank (3,96 фоиздан 2,68 фоизгача) ва Ziraat Bank Uzbekistan (3,86 фоиздан 2,96 фоизгача) ҳам ўз портфелларини тозалашга эришган.

Бир қатор банкларда муаммоли кредитлар ҳажми минимал даражада сақланиб қолмоқда. Хусусан, KDB Bank Ўзбекистон ва Октобанкда NPL кўрсаткичи 0,00 фоиз даражасида қайд этилди. Uzumbank (0,01%), ApexBank(0,04%) ва Open bank(0,35%) ҳам жуда паст кўрсаткичларни намойиш этмоқда.

Теглар:

#NPL#муаммоли_кредитлар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган