"Paynet" АЖ ўзининг "Furtherit" МЧЖ шўъба корхонаси орқали GoInvest компанияси эгаларидан бирига айланди. Тегишли ўзгариш Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қайд этилган.
"GoInvest" компанияси маҳаллий биржадаги акциялар савдоси ўтказиладиган худди шу номдаги платформага эгалик қилади.
Бу ҳақда хабар берган "Пик Скартариса" телеграм канали муаллифи Тимурмалик Элмурадовнинг айтишича, сумма ҳозирча ошкор қилинмаган, бироқ у "жуда катта бўлиши мумкин, чунки GoInvest Ўзбекистон бозори учун ноёб актив ҳисобланади".
"GoInvest" масъулияти чекланган жамияти 2024 йил 24 майда давлат рўйхатидан ўтказилган, устав капитали 14,23 млрд сўм. Жамиятнинг юридик манзили Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек шаҳарчаси Оққўрғон МФЙ Оққўрғон кўчаси 25-уй кўрсатилган.
Битим амалга оширилгунга қадар (orginfo.uz маълумотларига кўра) GoInvest МЧЖга қуйидаги 3 шахс эгалик қилган: "Kapital-Depozit" МЧЖ (70%), ABDUKADIROV BAXROM RUSTAMOVICH (20%) ҳамда O`ROLBOYEV JASURBEK KARIMJONOVICH (10%).

Манба: Orginfo.uz
Битимдан сўнг эса компания таъсисчилари сони ва улуши қуйидагича ўзгарган: "Furtherit" МЧЖ (33,14%), "Kapital-Depozit" МЧЖ (29%), ABDUKADIROV BAXROM RUSTAMOVICH (10,03%) ҳамда O`ROLBOYEV JASURBEK KARIMJONOVICH (6,69%).

Манба: ЯИДХП
"Furtherit" МЧЖ 2023 йил 25 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ягона таъсисчиси "Paynet" АЖ (100%). Фаолият тури "Компьютер дастурлаштириш" соҳаси, юридик манзили Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Муҳандислар МФЙ Шота Руставели кўчаси 53б-уй ҳисобланади. Устав капитали 4,5 млрд сўм.
Paynet Ўзбекистондаги йирик тўлов ташкилотларидан бири бўлиб, 2025 йилда 395 млрд сўм, 2026 йилнинг I ярим йиллигида 615 млрд сўм соф фойда олган. Компания Ўзбекистондаги иккита йирик тўлов тизими операторларидан бири — HUMO'га эгалик қилади.
Аввалроқ, Paynet ўзининг венчур компаниясини ташкил қилгани маълум бўлган эди. Шунингдек, "Paynet" ўз фаолият кўламини кенгайтириб банк секторига киришни ҳам режалаштираётгани айтилганди.
