"PAYNET" акциядорлик жамияти 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, жамиятнинг маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни реализация қилишдан соф тушуми 1 трлн 142,2 млрд сўмни ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 756,5 млрд сўмга тенг эди, яъни ўсиш 51,0 фоизни (+385,7 млрд сўм) ташкил қилган.
Давр харажатлари эса деярли шунга яқин — 49,2 фоизга ошиб, 522,4 млрд сўмдан 779,5 млрд сўмга етган. Уларнинг таркибида реализация харажатлари 613,4 млрд сўм (+48,0%), бошқа операцион харажатлар 125,4 млрд сўм (+61,9%), маъмурий харажатлар 40,7 млрд сўм (+33,4%) сифатида кўрсатилган.
Натижада асосий фаолиятдан фойда 236,6 млрд сўмдан 366,0 млрд сўмга етган (+54,7%). Асосий фаолият рентабеллиги 31,3 фоиздан 32,0 фоизга кўтарилган.
Молиявий фаолиятдан даромадлар 100 млн сўмдан 321,3 млрд сўмга кўтарилди. Уларнинг деярли барчаси — 321,1 млрд сўми дивиденд шаклидаги даромадлардир. Компаниянинг балансида боғлиқ хўжалик жамиятларига қилинган узоқ муддатли инвестициялар 867,4 млрд сўмни ташкил этади ва бу — HUMO тўлов тизимини бошқарувчи "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖдаги улуш.
Шу омил ҳисобига солиққа тортилгунга қадар фойда 236,7 млрд сўмдан 687,0 млрд сўмга — 2,9 бараварга (+190,2%) ошди.
Бошқача айтганда, дивиденд даромадисиз солиққа тортилгунга қадар фойда 366,0 млрд сўм атрофида бўлар эди. Таққослаш учун: бу ҳолда ўсиш 190,2 фоиз эмас, 54,6 фоизни ташкил этган бўларди.
Эътиборли жиҳати шундаки, дивиденд даромади фойда солиғи базасига стандарт тартибда кирмайди. Ҳисоботда фойда солиғи харажати 55,5 млрд сўм (+55,3%), фойдадан тўланадиган бошқа солиқ ва йиғимлар эса 16,1 млрд сўм миқдорида кўрсатилган. Иккинчи сумма олинган дивиденднинг аниқ 5,0 фоизига тенг — бу Солиқ кодексида дивидендлар учун белгиланган ставкадир. Асосий фаолият фойдасига эса 15,15 фоизлик самарали ставка тўғри келади. Умумий солиқ юки эса 10,4 фоизни ташкил этган (ўтган йилги 15,1 фоизга нисбатан кам).
1-ярим йиллик якуни бўйича жамиятнинг жами активлари 1 трлн 850,6 млрд сўмни ташкил этди — йил бошидаги 1 трлн 744,9 млрд сўмга нисбатан 6,1 фоиз кўп. Устав капитали 815,3 млрд сўм даражасида ўзгармаган, захира капитали 20,6 млрд сўмдан 40,4 млрд сўмга икки бараварга ошган, тақсимланмаган фойда эса 415,3 млрд сўмдан 391,6 млрд сўмга камайган (-5,7%).
Бу ҳисоб-китобга кўра, даврда 615,5 млрд сўм соф фойда олинганига қарамай, тақсимланмаган фойда камайган. Балансдаги ўзгаришлар давр мобайнида қарийб 639,1 млрд сўм тақсимланганидан далолат беради, шундан 19,8 млрд сўми захира капиталига йўналтирилган.
Жами мажбуриятлар 493,8 млрд сўмдан 603,3 млрд сўмга ошди (+22,2%). Уларнинг барчаси жорий мажбуриятлар бўлиб, компаниянинг узоқ муддатли мажбуриятлари ва банк кредитлари йўқ.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳисобот миллий стандартлар асосида тузилган алоҳида (консолидацияланмаган) ҳисобот. Шу сабабли HUMO'нинг натижалари унда бирлаштирилмаган, балки инвестиция ва ундан олинган дивиденд сифатида акс этган.
Paynet 2025 йилни 395,1 млрд сўм соф фойда билан якунлаган эди — яъни жамият биринчи ярим йилликда ўтган йилнинг тўлиқ натижасидан 1,6 баравар кўп фойда кўрсатган.
2025 йил январида Paynet HUMO тўлов тизимини бошқарувчи "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖнинг 100 фоиз акцияларини 65 млн доллар эвазига сотиб олганди. Ушбу битим билан боғлиқ равишда компания шу йилнинг февраль ойида устав капиталини ёпиқ обуна асосида 558,12 млрд сўмгача оширишни бошлаган, ҳозирда эса устав капитали 815,3 млрд сўмни ташкил этади.
