ABB'нинг Davr bank'ни сотиб олиш битими III чоракда амалга ошади — Fitch

13.08.2026 10:55

151

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Davr bank'нинг Озарбайжон халқаро банки (ABB) томонидан сотиб олиш жараёни шу йил III чорак якунига қадар амалга ошишини кутмоқда. Агентлик мазкур битим Озарбайжон банки кредит портфелига нейтрал таъсир кўрсатишини, шу билан бирга бизнесини диверсификация қилишга ёрдам беришини айтган.

Фото: Bloomberg

Fitch Ratings халқаро рейтинг агентлиги Озарбайжон халқаро банки (ABB) томонидан "Davr bank" ХАТБнинг назорат пакетини сотиб олиш 2026 йилнинг учинчи чораги охирига қадар якунланишини кутмоқда. Бу ҳақда Fitch Ratings'нинг ABB тўғрисидаги ҳисоботида хабар берилган.

Fitch'нинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистондан кичик молия институтини сотиб олиш режалаштирилгани ABB'нинг кредит портфелига нейтрал таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

"Бу қадам ABB'нинг ўз бизнесини диверсификация қилиш ва юқори даромадли бозорларга кириш стратегиясига тўлиқ мос келади", деб ёзади агентлик.

Агентликнинг таъкидлашича, Озарбайжоннинг энг йирик банки бўлган ABB 2026 йилнинг биринчи ярми охирига келиб активлар бўйича 25% ва кредит портфели бўйича 24% бозор улушига эга.

Аввалроқ, ABB раиси Аббос Иброҳимов ABB'нинг Ўзбекистондаги банкни сотиб олишга киритган сармояси 100 миллион доллардан ошиши ҳақида айтган эди.

Июнь ойида Davr bank акциядорлари ABB билан банкнинг 51 фоизлик назорат пакетини сотиш бўйича битимни якунлашга розилик берганди. Шунингдек, келажакда яна 23 фоизлик акциялар улушини сотиш шартлари муҳокама қилиниши айтилганди.

Davr bank Ўзбекистонда 2001 йил сентябридан бери фаолият юритиб келмоқда. 2026 йил I ярим йиллиги маълумотларига кўра, банк активлари 13,2 трлн сўмни, мажбуриятлари эса 10,8 трлн сўмни ташкил қилади. Банк 2025 йил 631,5 млрд сўм, I чоракда 183,6 млрд сўм, I ярим йилликда 368,7 млрд сўм соф фойда олган.

Теглар:

#даврбанк#Озарбайжон#Озарбайжон халқаро банки

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган