Озарбайжон халқаро банки (Azərbaycan Beynəlxalq Bankı, ABB) 2026 йилнинг иккинчи ярмида "Давр-банк" ХАТБнинг 51 фоиз акцияларини сотиб олиш битимини якунлайди ва Ўзбекистон бозорида фаолият юритишни бошлайди.
Озарбайжоннинг "Репорт" нашри хабарига кўра, ABB Бошқарув Кенгаши раиси Аббос Ибрагимов бу ҳақда эълон қилган. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги хусусий банкнинг назорат улушини сотиб олиш бўйича музокаралар муваффақиятли якунланган.
"Умид қиламизки, рухсатномалар ва расмиятчиликлар тезда якунланади ва ABB — мамлакатимизнинг халқаро банк бренди — Ўзбекистонда ABB Давр Банк номи остида намойиш этилади", деди Ибрагимов.
Шунингдек Аббос Ибрагимов Давр-банкнинг активлари тахминан 1 миллиард долларга баҳоланаётганини айтган. Унинг қўшимча қилишича, ABB'нинг Ўзбекистондаги банкни сотиб олишга инвестицияси 100 миллион доллардан ошади.
Бундан ташқари, Ибрагимов ташқи аудит маълумотларига кўра, Озарбайжон халқаро банки ўтган йилни 404,5 миллион манат соф фойда билан якунлаганини таъкидлаган:
"Бу ўтган йилга нисбатан 12,4% га ўсишдир. Банкнинг кредит портфели 2025-йилда ҳам 2024-йилга нисбатан 12% га ўсиб, 7 миллиард манатдан ошди. Фаол мижозларимиз сони йил давомида 15% га ўсишни кўрсатди."
Давр-банк Ўзбекистонда 2001 йил сентябридан бери фаолият юритиб келмоқда. 2026 йил I чораги маълумотларига кўра, банк активлари 12,6 трлн сўмни, мажбуриятлари эса 10,4 трлн сўмни ташкил қилади. Банк ўтган йил 631,5 млрд сўм, бу йил 1-чоракда эса 183,6 млрд сўм соф фойда олган.
