Davr bank ўз акцияларининг назорат пакетини ABB'га сотишга расман розилик берди

15.06.2026 15:27

283

Ўзбекистоннинг йирик хусусий банкларидан бири Davr bank акциядорлари Озарбайжон халқаро банки (ABB) билан банкнинг 51 фоизлик назорат пакетини сотиш бўйича битимни якунлашга розилик берди. Шунингдек, келажакда яна 23 фоизлик акциялар улушини сотиш шартлари муҳокама қилинади.

Фото: Davr Bank

2026 йилнинг 8 июнь куни бўлиб ўтган "Davr bank" ХАТБ акциядорларининг йиллик умумий йиғилишида банк акцияларини ташқи инвесторга сотиш масаласи кўриб чиқилди. Кун тартибидаги охирги масала юзасидан қабул қилинган қарорга мувофиқ, Озарбайжон банки - ABB билан Davr bank устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини сотиш бўйича музокараларни давом эттириш ва битим шартларини келишиш маъқулланди. Шу билан бирга, мазкур битимни амалга ошириш учун зарур бўлган корпоратив, ҳуқуқий, молиявий ва регулятор тартиб-таомилларга рухсат берилди.

Йиғилиш қарорида қайд этилган муҳим бандлардан бири – томонларнинг кейинги келишувларига асосан, ABB банкига Davr bank устав капиталидаги қўшимча 23 фоиз акциялар пакетини сотиб олиш ҳуқуқини назарда тутувчи опцион механизмини муҳокама қилиш имконияти ҳам тасдиқланди. Бу келажакда Озарбайжон банкининг улуши 74 фоизгача етиши мумкинлигини англатади.

Аввалроқ ABB Кенгаши раиси Аббос Ибрагимов Ўзбекистондаги хусусий банкнинг назорат улушини сотиб олиш бўйича музокаралар муваффақиятли якунлангани ва ушбу харид учун йўналтириладиган инвестиция ҳажми 100 миллион доллардан ошишини маълум қилган эди. Битим расман якунлангач, 2026 йилнинг иккинчи ярмидан эътиборан банк Ўзбекистон бозорида ABB Davr-bank бренди остида ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

Маълумот учун, Davr bank нинг активлари тахминан 1 миллиард долларга баҳоланмоқда. 2026 йилнинг 1-чорак якунларига кўра, банкнинг активлари 12,6 триллион сўмни, мажбуриятлари эса 10,4 триллион сўмни ташкил қилган. Акциядорлар йиғилишида тасдиқланган молиявий ҳисоботларга кўра, банкнинг 2025 йилги соф фойдаси 667,3 миллиард сўмга тенг бўлган.

Теглар:

#даврбанк#Озарбайжон

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган