Ўзбекистон банклари I чоракда қанча соф фойда олди — таҳлил

17.04.2026 13:37

432

Ўзбекистон тижорат банклари 2026 йилнинг илк чорагини 5 трлн 524 млрд сўм соф фойда билан тугатган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 трлн сўмга ёки 61,6 фоизга кўпроқ ҳисобланади. Бунда давлат банклари 1,9 трлн сўм, бошқа банклар эса 3,7 трлн сўм соф фойда олган.

Фото:Ipoteka bank OTP Group

Оператив маълумотларга* кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон тижорат банклари 5 трлн 524 млрд сўм соф фойда олди. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 трлн сўмга ёки 61,6 фоизга кўпроқ ҳисобланади.

Соф фойда миқдори бўйича етакчилар рўйхатида давлат улуши мавжуд банклар ва йирик хусусий банклар ўртасида рақобат кучаймоқда. Хусусан, 2025 йилнинг I чорагини зарар билан якунлаган Ипотека-банк бу йил 846,43 млрд сўм соф фойда билан биринчи ўринга кўтарилган.

Давлат банклари

Давлат улуши мавжуд банклар 2026 йилнинг илк чорагида 1 трлн 861,2 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 616,9 млрд сўмга ёки 49,6% фоизга кўпроқ дегани. Шу билан бирга, давлат банкларида соф фойда миқдори ўсиши секинлашган. 2025 йилнинг I чорагида бир йил олдинга нисбатан 122,7% фоизга кўпроқ фойда олган эди.

Энг кўп соф фойда олган 10 та банкнинг 3 таси давлат банки ҳисобланади: Ўзмиллийбанк (603,16 млрд сўм, 2-ўрин), Ўзсаноатқурилишбанк (550,04 млрд сўм, 3-ўрин), Халқ банки (325,98 млрд сўм, 5-ўрин).

2025 йилнинг мос даври билан таққослаганда иккита банк соф фойдасида сезиларли пасайиш кузатилган. Булар Бизнесни ривожлантириш банк (-20,4%) ва Микрокредитбанк (-6,1%) ҳисобланади. Бундан ташқари Туронбанкнинг (+2,9%) соф фойдаси бироз ошган.

Шунингдек, фоиз ҳисобида Халқ банки (+723%), Алоқабанк (+63%) ва Ўзсаноатқурилишбанкда (+36%) ижобий ўсиш қайд этилган.

Бошқа банклар

Давлат назоратида бўлмаган банклар январь-март ойларида жами 3 трлн 663,3 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 68,4 фоизга ёки қарийб 1 трлн 489 млрд сўмга кўпроқдир.

Давлат улуши бўлмаган банклар орасида соф фойда бўйича Ипотека-банк (846,43 млрд сўм), Hamkorbank (467,68 млрд сўм), Капиталбанк (324,86 млрд сўм), Орент Финанс банк (265,72 млрд сўм) ва Ипак Йўли банклари (234,41 млрд сўм) етакчи бўлган. Трастбанк (232,72 млрд сўм) ҳамда Инфинбанк (186,33 млрд сўм) ТОП-10'таликдан ўрин олган.

Миқдорий кўрсаткичда фойданинг энг юқори ўсиши Ипотека-банк (+877,2 млрд сўм), Инфинбанк (+117,8 млрд сўм) ва APEXBANK'ларда (+83,1 млрд сўм) кузатилган бўлса, фоиз кўринишида Тенгебанк (+3586,7%), mybank (+930,8%), Uzumbank (+178,8%) лар соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига қараганда кескин ошган.

2025 йилнинг шу даврини зарар билан якунлаган APEXBANK (-26,69 млрд сўм), Гарантбанклар (-12,54 млрд сўм) 2025 йилнинг илк чорагида мос равишда 56,44 млрд сўм ва 10,84 млрд сўм соф фойда олишга эришган. Фақатгина AVOBANK ўтган йилги натижани такрорлаб бу йил ҳам зарар кўрган: -2,97 млрд сўм.

Барча банкларнинг 2026 йилнинг илк чорагидаги молиявий натижаси ҳамда ўтган йилнинг мос даври билан динамикасини қуйидаги инфографика орқали кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистон тижорат банклари 15,5 трлн сўм соф фойда олган эди.

* Мазкур маълумотлар банкларнинг тегишли ҳисобот маълумотлари асосида йиғиб чиқилган. Маълумотларда хатолик аниқланган тақдирда таҳририятга мурожаат қилишингиз сўралади.




Теглар:

#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган