Биринчи ярим йилликда банклар қарийб 11 трлн сўм соф фойда олди

22.07.2026 13:46

729

Ўзбекистонда фаолият юритаётган 34 та тижорат банки 2026 йилнинг биринчи ярим йилигида жами 10 трлн 992,7 млрд сўм соф фойда олди. Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос давридан (6,5 трлн сўм) деярли 69 фоизга кўпдир.

Фото: Bankers.uz

Оператив маълумотларга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 34 та тижорат банки 2026 йилнинг биринчи ярим йилигида жами тахминан 10 трлн 992,7 млрд сўм (деярли 11 трлн сўм) соф фойда қайд этди. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу давридаги 36 та банкнинг кўрсаткичи* (6 трлн 507,9 млрд сўм)дан қарийб 69 фоизга (қарийб 1,7 баробарга) кўпроқ демакдир. Фаолият юритаётган 34 банкдан 25 таси молиявий натижасини яхшилаган, 9 тасида эса, аксинча соф фойда камайган ёки молиявий зарари янада кўпайган. Битта банк жорий ярим йилликни зарарда якунлаган.

Манба: Оператив маълумотлар

Етакчилар бешталиги

Соф фойда ҳажми бўйича биринчи ўринни Ипотека-банк эгаллади — банк 2026 йилнинг 1-ярим йиллигини 1 трлн 388,7 млрд сўм фойда билан якунлади. Қайд этиш керакки банк бир йил олдин худди шу даврда 392,5 млрд сўм зарар кўрган эди. Шундай қилиб, банк ўтган давр билан солиштирганда энг катта — 1 781,2 млрд сўмлик — сакрашни намойиш этди ва зарардан йирик фойдага ўтди.

Ундан кейинги ўринларни 2 давлат банки - Ўзмиллийбанк (1 трлн 214,1 млрд сўм, ўсиш +20,8%) ва Ўзсаноатқурилишбанк (1 трлн 105,1 млрд сўм, ўсиш +36,7%) эгаллаган. ТОП-5'ликни яна хусусий банклар - Hamkorbank (970,0 млрд сўм, ўсиш +20,2%) ва Капиталбанк (833,6 млрд сўм, ўсиш +38,4%) билан якунланган.

Давлат банклари

Давлат улуши мавжуд банклар 2026 йил ярим йиллигида жами 3 трлн 721,8 млрд сўм соф фойда олди, бу 2025 йилнинг мос давридаги 2 трлн 642,1 млрд сўмдан 40,9 фоизга кўп. Барча давлат банклари ушбу даврни фойда билан якунлаган.

Давлат банклари орасида энг катта миқдорий ва нисбий ўсишни Халқ банки кўрсатди — фойда 154,6 млрд сўмдан 650,5 млрд сўмгача, яъни 3,2 баравар (+320,8%) ошди. Шунингдек, Ўзсаноатқурилишбанк (+296,5 млрд сўм), Ўзмиллийбанк (+208,8 млрд сўм) ҳам нисбатан сезиларди миқдорий ўсиш қайд этган.

Давлат банкларидан фақат Бизнесни ривожлантириш банкининг соф фойдаси 319,7 млрд сўмдан 208,5 млрд сўмгача, яъни 34,8 фоизга камайди.

Бошқа банклар

Давлат улуши бўлмаган банклар 2026 йил ярим йиллигида жами 7 трлн 270,6 млрд сўм фойда олди — бу 2025 йилнинг I ярим йиллигидаги 3 трлн 865,8 млрд сўмдан 88,1 фоизга кўпроқдир.

Банк тизимидаги соф фойда кўрсаткичи бўйича ТОП-10'таликнинг еттитаси давлат улуши бўлмаган банклар ҳисобланади: Ипотека-банк, Капиталбанк, Трастбанк, Ориент Финанс банк, Ипак Йўли банк, КДБ Банк Ўзбекистон ва Давр-банк.

Хусусий банкларнинг иккитасида — Ориент Финанс банк (501,6 млрд сўм, -4,2%) ва Ипак Йўли банк (480,5 млрд сўм, -1,0%) — фойда бир оз пасайган, бироқ бу банклар ҳамон ТОП-10'ликда қолмоқда.

Соф фойдаси энг кўп ўсган банклар

Бир нечта банкда соф фойда кўрсаткичи миқдорий ва нисбий жиҳатдан бир мунча сезиларли ўсишни намойиш қилган. Хусусан, юқорида эслаб ўтилган Ипотека банк ва Халқ банкидан ташқари, масалан, Uzumbank соф фойдаси ўтган йил мос давридаги 30,4 млрд сўмдан бу йил ярим йилликда 258,1 млрд сўмгача, +749,0% (8,5 баравар) ўсиш қайд этган. Шунингдек, Tenge bank — 3,8 млрд сўмдан 22,7 млрд сўмгача (ўсиш +496,9%), Гарантбанк — -9,7 млрд сўм зарардан 28,5 млрд сўм фойдага (ўсиш +394,2%), Apexbank — -62,4 млрд сўм зарардан 107,6 млрд сўм фойдага (ўсиш +272,5%), Агробанк — 35,3 млрд сўмдан 95,6 млрд сўмгача (ўсиш +170,9%), TBC bank — 101,0 млрд сўмдан 288,1 млрд сўмгача (ўсиш +185,2%), InFinBank — 136,9 млрд сўмдан 353,2 млрд сўмгача (ўсиш +158,0%) ҳамда Ziraat Bank Ўзбекистон — 27,4 млрд сўмдан 63,9 млрд сўмгача (ўсиш +133,1%) соф фойдасини ўстиргани диққатга сазовор.

Фойдаси камайган ёки зарар кўрган банклар

Фаолият юритаётган 34 банкдан 9 тасида соф фойда кўрсаткичи ўтган йил мос даврига нисбатан салбий динамикага эга бўлган. Хусусан, AVO bank ярим йилликни зарар билан якунлаган ягона банк бўлиб, унинг зарари ўтган йил мос давридаги 1,8 млрд сўмдан бу йил ярим йилликда 7,1 млрд сўмгача "кўпайган". Бизнесни ривожлантириш банки, Universal bank, Anorbank, Poytaxt bank'ларда соф фойда ўтган ярим йилликка нисбатан сезиларли камайиши кузатилган. Openbank'нинг фойдаси эса 2,4 млрд сўмдан 1,1 млрд сўмгача, яъни деярли икки бараварга камайган.

* Изоҳ: Ўтган йилнинг 1-ярим йиллигида бу йил фаолиятини олиб бормаётган 2 та банк - Yangi bank (55,6 млрд сўм зарар) ҳамда Евросиё банки (51,6 млрд сўм зарар) ҳам банк тизимининг умумий натижасига таъсир қилган.


Теглар:

#соф_фойда#тижорат_банклари#2026

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган