Олтиннинг қимматлашиши Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираларини яна 3 млрд долларга оширди
Март ойида Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2,91 млрд долларга ёки 6,47 фоизга ўсиб, янги рекорд даража — қарийб 47,9 млрд долларни қайд этди. Ой давомида захирадаги олтиннинг физик ҳажми камайганига қарамай, унинг қиймати 2 млрд долларга кўпайган.
Давлат банкларининг коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги баҳоланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эълр қилган рейтинг натижаларига кўра Марказий банк ва тўртта тижорат банки — Ўзмиллийбанк, ЎзСҚБ, Халқ банки ҳамда Агробанкнинг коррупцияга қарши курашишдаги фаолияти "яхши” деб баҳоланди. Шунингдек, Асакабанк, Бизнесни ривожлантириш банки, Туронбанк, Микрокредитбанк ва Алоқабанк "қониқарли" баҳо олди.
Микрокредитбанк Кузатув кенгаши таркибига Ботир Зохидов киритилди
Микрокредитбанк акциядорлари навбатдан ташқари умумий йиғилишида банк Кузатув кенгаши аъзолигига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зохидовни сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Кузатув кенгаши раиси ваколатлари ҳам унга юклатилиши мумкин. Шу кунга қадар Кузатув кенгашига раиси бўлиб келган Беҳзод Мусаевнинг ваколатлари тугатилди.
Ипотека кредити ажратиш ҳажми ўтган йилларнинг мос даврига нисбатан ўсди
Банклар томонидан 1-чорак давомида аҳолига 4,45 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилиб, охирги 3 йил ичида биринчи марта ўсиш қайд этди — 27 фоиз. Январь-март ойларида банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредит ставкалари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 фоизга, “Янги тартиб” доирасида ажратилган кредитлар ставкалари эса 0,9 фоизга камайди.
HUMO раҳбарига ўринбосар тайинланди
2022 йилдан "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими)да бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келган Исламбек Дияров мазкур жамият раиси ўринбосари этиб тайинланди.
UZCARD 2024 йилда 955 млрд сўм соф фойда олди
UZCARD тўлов тизимининг 2024 йил якунлари бўйича соф фойдаси 2023 йилга қараганда 63 фоизга ўсди ва 955,7 млрд сўмни (қарийб 74 млн долларни) ташкил қилди. Аввалроқ, HUMO тўлов тизими 168,3 млрд сўм (тахминан 13 млн доллар) соф фойда олгани маълум бўлган эди.
Бешта банк I чоракда олинган соф фойдасини эълон қилди
- Octobank қарийб 108,5 млрд сўм;
- Hamkorbank 393,4 млрд сўм;
- Smart Bank 658 млн сўм;
- Туронбанк 7 256 млн сўм;
- Капиталбанк 279 млрд сўм
Bankers.uz Live каналида эълон қилинган янгиликлар:
- Асакабанк ташаббуси билан Сайхунободда 12 минг туп кўчат экилиб, янги боғ барпо этилди.
- Бизнесни ривожлантириш банки томонидан Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “БРБ нафис аёллари клуби"нинг иккинчи фасли якунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
- Ипак Йўли Банки "IPAK GENERATION" лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳридаги Kimyo International University билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.
- 7 апрель куни Капиталбанк ташкил этилганининг 24 йиллиги муносабати билан 300 млн сўм пул маблағини "Sharoit Plus" ва "Inklusiv Hayot" каби ногиронлиги бўлган одамлар учун мўлжалланган жамғармаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирди.
- "Ўзмиллийбанк" АЖ имтиёзли кредити ҳисобидан Наманган вилояти учун 30 та янги автобус харид қилинди.
- Туронбанкда ҳисобрақам очган ҳар бир мижозга "PAX A910S-Android" мобил терминал касса аппарати бепул тақдим этилиши эълон қилинди.
- Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида "Микрокредитбанк" АТБ Бошқарув раиси Ориф Бутаев иштирокида Ўзбекистон ва Германия ўртасида меҳнат миграцияси ва профессионал мобиллик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган уч томонлама англашув меморандуми имзоланди.
- 7 апрель куни “Агробанк” АТБ Бошқарув раиси ва Global Green Growth Institute (GGGI) бош директори ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
- HUMO тўлов тизими ва "Armenian Card" ёпиқ акциядорлик жамияти ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
- Ориент Финанс Банк 10 апрелдан бошлаб "Ишонч" омонати ставкасини 19 фоиздан 17 фоизга туширишини эълон қилди.
- “APEX BANK” АЖнинг жойлашган ери (почта манзили) Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани Братислава кўчаси 2-уй манзилидан, Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Содиқ Азимов кўчаси, 77-уй манзилига ўзгартирилди .
- UZCARD Fintech League — футбол турнири ўтказишини эълон қилди, Мусобақа 12 апрелдан 31 майга қадар "Миллий стадион" (собиқ "Бунёдкор") да бўлиб ўтади.
- Davr Bank Бухоро вилояти, Ғиждувон туманида банк хизматлари марказини очди.
- "Yangi Bank" АЖ Кузатув кенгаши раиси этиб Хусаинов Азамат Гусеинович сайланди.
- "ASIA ALLIANCE BANK" АТБ ва Тошкент шаҳридаги Inha университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
- "Ўзбекистон Республикасининг Ёвроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги Битимга қўшилиши тўғрисида" ги Қонун қабул қилинди.
- UZCARD ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан У.Қ.Қурбонова номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонаси беморлари учун болалар майдончаси қуриб берди.
- Туронбанк бошқаруви Раиси ўринбосари Зоҳиджон Обидов Фарғона вилоятига ташриф буюриб, банк кўмагида йўлга қўйилган ижтимоий ва тадбиркорлик лойиҳалари билан танишди.