Марказий банк ҳисоботига кўра, март ойида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд даражалик кўрсаткичга етиб, 47,85 млрд долларни ташкил этди.
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, регулятор захираларидаги активларнинг умумий қиймати бир ойда 2,91 млрд долларга ёки 6,47 фоизга ошди. Натижада кўрсаткич жорий йилнинг февраль ойидаги рекордни янгилади.
Инфографика: Марказий банк
Олтин захиралари қиймати 2 млрд доллардан ортиққа кўпайиб, жами улуши 36,88 млрд долларни ташкил этди. Бу захира активларида олтин нархининг рекорд даражалик кўрсаткичидир. Бироқ олтиннинг физик ҳажми 12,18 млн трой унция (379,45 тонна) дан 11,82 трой унция (367,09 тонна) га камайган.
"Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2025 йилнинг март ойида 2 млрд 910,4 млн долларга ошди. Хусусан, ой давомида олтин нархининг 2 861,40 доллардан 3 120,20 долларгача ошишининг таъсири +3 млрд 59,0 млн долларни ташкил этди" — Марказий банк изоҳи.
Бундан ташқари, ўтган ойда Ўзбекистоннинг валюта захиралари ҳам 883,06 млн долларга ошган. Уларнинг ҳажми 10,41 млрд долларни, шу жумладан, бошқа мамлакатлар марказий банклари ва ХВЖдаги ҳисоб рақамларида 358,98 млн долларни ҳамда хорижий банкларда 9,85 млрд долларни ташкил этмоқда.
Шунингдек, Марказий банк томонидан харид қилинган қимматли қоғозлар қиймати бир ойда бироз ошиб, 203,12 млн долларга етди.
Қимматли қоғозлар ҳажми икки баравар кўпайиб, 200 млн доллардан ошди, уларнинг олтин-валюта захираларидаги улуши эса 0,45 фоизгача ўсди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари салкам 45 млрд долларга етгани ҳақида хабар берган эдик.