Микрокредитбанк Кузатув кенгаши таркибига Ботир Зохидов киритилди

10.04.2025 14:58

348

Микрокредитбанк акциядорлари навбатдан ташқари умумий йиғилишида банк Кузатув кенгаши аъзолигига Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зохидовни сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Кузатув кенгаши раиси ваколатлари ҳам унга юклатилиши мумкин. Шу кунга қадар Кузатув кенгашига раиси бўлиб келган Беҳзод Мусаевнинг ваколатлари тугатилди.

Фото: Қонунчилик палатаси

Жорий йилнинг 8 апрель куни Микрокредитбанк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ботир Эркинович Зохидовни мазкур банк Кузатув кенгаши аъзолигига сайлаш бўйича қарор қабул қилинди. Амалдаги тартибларга кўра, Ботир Зохидов Кузатув кенгаши аъзоси сифатида ўз ваколатларини бажаришга Марказий банк билан келишилгандан сўнг киришади.

Йиғилишда, шунингдек, Беҳзод Анварович Мусаевни Кузатув кенгаши аъзолигидан чиқариш масаласи кўрилиб, акциядорлар томонидан тасдиқланган. Кузатув кенгаши раиси ваколатлари Ботир Зохидовга топширилиши мумкин.

Маълумот учун, Ботир Зохидов 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2003 йилда Тошкент молия институтини, 2008 йилда Банк-молия академиясини тамомлаган. 2004 йилдан 2022 йилгача Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида бўлим бош мутахассислигидан Марказий банк раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган лавозимларда фаолият юритган.

Б.Зохидов 2022-2024 йилларда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ҳокими вазифасида ишлаган. 2024 йилнинг сентябрь ойидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири этиб тайинланганди.

Маълумот ўрнида, айни дамда Микрокредитбанк Кузатув кенгаши қуйидаги аъзолардан иборат:

Зохидов Ботир Эркинович — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири;

Қўйчиев Суҳроб Курбанназарович — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Юридик департамент директори;

Муйдинов Умиджон Иброхимжон ўғли — Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Давлат қарзи департаменти Давлат қарзи ҳисоби, ҳисоботи ва мониторинг бошқармаси бошлиғи;

Раджабов Бахтиёр Мухаммаджонович — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат активларини хусусийлаштириш ва трансформация қилиш департаменти, Стратегик давлат корхоналари билан ишлаш бўлими бошлиғи;

Нургалиев Фархад Рашидович — Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси Лойиҳаларнинг амалга оширилишини мониторинг қилиш бошқармаси, Металлургия саноати, машинасозлаш ва инфратузилма лойиҳаларни мониторинг қилиш бўлими бошлиғи;

Мустақил аъзолар:

Георги Паресишвили — "Тошкент" Республика фонд биржаси акциядорлик жамияти Бошқарув раиси;

Михманов Дилшод Миржалилович — "Safenetpay Limited" компанияси молия директори;

Ҳошимов Беҳзод Алишер ўғли — "Nyu-York Abu-Dabi" университети Ассистент профессори;

Казарян Арам Суренович — Инвестор.

Теглар:

#микрокредитбанк

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган