Марказий банк томонидан 2025 йилнинг дастлабки уч ойи мобайнида ажратилган ипотека кредитлари бўйича маълумот эълон қилинди. Унга кўра, I чоракда жами 15 033 нафар фуқарога 4 458,6 млрд сўмлик ипотека кредитлари ажратилган. Бу 2024 йилнинг мос даври (3 521,4 млрд сўм) га нисбатан 26,6 фоизга кўпдир.
Ажратилган ипотека кредитлари бўйича йиллик ўсиш кўрсаткичи 2022 йилдан буён секинлашаётган эди. Хусусан, 2022 йилда ипотека кредитлари 2021 йилга нисбатан 31,9 фоизга ўсган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 14,8 фоизга, 2024 йилга келиб 1,5 фоиз фоизгача пасайди. 2025 йилдан ипотека кредитлари ажратиш ҳажми ошди.
Ипотека кредитларини молиялаштириш манбаларининг энг катта ҳажми Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (3 017,3 млрд сўм) ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолган 1 125,2 млрд сўмлик кредитлар банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан, 316,1 млрд сўм Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан ажратилган. Маълумот ўрнида, ИҚМК томонидан ажратилган кредит маблағлари 2024 йил мос даврига нисбатан 64,4 млрд сўмга камайган.
Жорий даврда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредит ставкалари ҳажми 23,4 фоизни, “Янги тартиб” доирасида ажратилган ставка 16,9 фоизни ташкил этди. Ўтган йил билан солиштирилганда ставкалар мос равишда 1,1 фоиз ва 0,9 фоизга пасайди.
Фото: Марказий банк
Ипотека кредитларининг асосий қисми — 75 фоизи бирламчи уй-жой бозорига, 25 фоизи иккиламчи бозордаги уйлар сотувига тўғри келади.
Ипотека кредитлари олишда аёлларнинг улуши 3 фоизга ўсиб, 37 фоизни ташкил қилди, эркаклар улуши 66 фоиздан 63 фоизга пасайди.