Kaspi.kz HUMO'ни сотиб олмайди

Kaspi.kz HUMO'ни сотиб олмайди

Фото: Reuters

Қозоғистоннинг энг йирик финтех компанияларидан бири Kaspi.kz “HUMO” тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёнидаги иштирокини тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

"2024 йил август ойида биз (“Kaspi.kz”) Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига (“SAMA”) Миллий банклараро процессинг маркази (“HUMO”)ни хусусийлаштиришда иштирок этишдан манфаатдор эканлигимизни кўрсатувчи мажбурий бўлмаган қизиқиш хатини тақдим этдик. Айни пайтда биз жараённи давом эттирмаяпмиз”, дейилади компания хабарида.

Каspi “HUMO”ни хусусийлаштиришда четга чиққани бўйича сабабларга тўхталмаган. Бироқ компания Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатда ривожланаётгани, ҳукумат жозибадор ислоҳотлар дастурини амалга ошираётгани ҳамда ташкилот Ўзбекистон молия бозорига кириш имкониятларини излашда давом этишини маълум қилган.

Kaspi.kz бўйича вазият

Kaspi.kz айни дамда Қозоғистон Марказий банки билан рақобатлашишга тайёргарлик кўрмоқда. Қозоғистон Марказий банки яқин кунларда алгоритми Kaspi тўлов тизиминикига ўхшаб кетадиган, савдо ва овқатланиш шохобчаларида QR-кодни сканерлаш орқали тезкор тўловларни амалга ошириш имконини берувчи платформани ишга тушириши кутилмоқда. Бунда мижозлар тўловларни ўзлари истаган банк орқали амалга ошириши мумкин бўлади.

Kaspi.kz Қозоғистон Марказий банкига қарашли янги платформа ишга туширилмасидан аввал бозордаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида, бошқа банклар мижозларига тўлов тизимидан фойдаланиш имкониятини яратмоқчи. Компания бир нечта банкларга ҳамкорликда ишлаш бўйича таклиф юборган.

“HUMO”ни хусусийлаштириш

Жорий йилнинг июль ойида “Миллий банклараро процессинг маркази" АЖни хусусийлаштириш жараёни бошланди. Давактив компаниядаги 100% давлат улуши музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида сотилишини маълум қилди.

Deloitte халқаро компанияси ушбу савдо жараёнларида маслаҳатчи сифатида танланган. Савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади, жумладан Cотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest), Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) тақдим этиш босқичлари, якуний босқичда талабгорлар томонидан таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади. Шу билан бирга, активни баҳолаш учун "Катта тўртлик" (Big Four) гуруҳига кирувчи (Deloitte'дан бошқа) халқаро компания жалб этилади.

Сентябрь ойида Давактив раҳбари HUMO'ни сотиб олиш учун жами 8 та компаниядан ариза келиб тушганини маълум қилди. Бироз кейинроқ эса, хусусийлаштириш жараёни икккинчи босқичга ўтгани айтилди.

HUMO компаниясини хусусийлаштириш бўйича консультант Deloitte томонидан келиб тушган барча аризалар аввал маълум қилинган мезонлар асосида ўрганиб чиқилган. Натижада талабларга мувофиқ келадиган 6 нафар талабгор хусусийлаштириш жараёнининг навбатдаги босқичига ўтказиш таклиф қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "HUMO" тўлов тизими тўққиз ойда қарийб 120 млрд сўмлик соф фойда олгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Теглар:
×