Фото: Reuters
Марказий Осиёнинг энг йирик fintech компанияси ─ Kaspi.kz Қозоғистон Марказий банкига қарашли янги платформа ишга туширилмасидан аввал бозордаги ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида, бошқа банклар мижозларига тўлов тизимидан фойдаланиш имкониятини яратмоқчи. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.
Kaspi.kz тўлов тизими мамлакатдаги савдо дўконлари ва ресторанларда энг кўп қўлланиладиган, истеъмолчиларга QR кодни сканерлаш орқали тезкор тўловларни амалга оширишда ёрдам берувчи платформа.
Кредиторлар веб-сайтларида эълон қилинган маълумотларга қараганда, сентябрь ойида банк ўз платформасини Home Credit Bank ва Altyn Bank мижозлари учун очди. Шунингдек, яна бир қанча банкларга тармоққа қўшилиш бўйича мурожаат қилинган. Музокаралар билан таниш бўлганлар Bloomberg’га шахсини сир тутиш шарти билан баъзи маълумотларни очиқлади.
Уларнинг сўзларига кўра, Kaspi Марказий банкка қарашли рақобатчи платформа ишга туширилишидан аввал фойдаланувчиларини олиб қолиш учун курашмоқда. Kaspi ўз тармоғи орқали транзакциялар улушини ошириш учун очилмоқда. Шу сабабдан савдогарлар бошқа кредиторларга кўчиб ўтишда камроқ рағбатга эга бўладилар.
Аввалроқ Қозоғистон Миллий банки жорий йилдан универсал тўлов тизимини ишга туширишни ва 2025 йилда уни янада кенгайтиришни режалаштираётганини маълум қилган эди. Лойиҳа истеъмолчиларга товарлар ва хизматлар учун QR-кодни сканерлаш орқали исталган банкдан тўловларни амалга ошириш имкониятини беради. Регулятор буни рақобатни янги даражага кўтариш, дея изоҳлаган.
Kaspi.kz мазкур ҳолат бўйича Bloomberg'га изоҳ беришдан бош тортган.
Гарчи Кaspi ўз фойдаси ошишини кўриши мумкин бўлса-да, бошқа мамлакатларда ҳам ишга туширса бўладиган тизимдан фойдаланишни афзал кўрмоқда. Озарбайжон ва Украинада фаол бўлган Kaspi яқинда Туркиянинг Hepsiburada электрон тижорат платформасининг назорат пакетини 1,13 миллиард долларга сотиб олишга рози бўлди. Бу эса мавжуд бозорни 100 миллион кишига кенгайтиради.
Регулятор янги платформани муқобилини яратиш мумкин бўлмаган тизим, дея эътироф этганига қарамай, Каспи ўз тармоғини Марказий банк платформасининг ўрнини босувчи тизимга айлантиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Активлар бўйича мамлакатнинг энг йирик кредитори бўлган Halyk Bank ҳам рақобатчи тўлов тизимига эга. Бироқ, у жорий қилинганидан сўнг кўпроқ фойдаланувчиларни жалб қилади, деган умидда марказий банкнинг платформасини қўллаб-қувватлашга қарор қилган.
"Марказий банк ўз тизимини ишга туширгандан кейин кредит ташкилотлари хизматлар кўрсатиш борасида савдогарлар ва карта эгалари учун рақобатлашади, лекин нархлар учун эмас. Икки ёки учта бир-биридан мустақил кредиторлар билан интеграциялашган банк учун универсал QR-код тармоғи эга муқобил яратиш мумкин эмас, чунки бу маълумотлар хавфсизлигини кафолатламайди", деб ёзган Halyk Bank электрон почта орқали Bloombergга берган жавобида.
Қозоғистон Mарказий банки апрель ойида мамлакатнинг энг йирик икки кредиторининг тўловлар бўйича улушини ҳамма учун қулай бўлган янги тизимни жорий этиш орқали заифлаштирмоқчи эканлигини айтди.
Икки банк Қозоғистоннинг тўловлар бозорида устунлик қилади. Bloombergʻнинг кредиторлар ва Марказий банк маълумотларига асосланган ҳисоб-китобларига кўра, тўлов бўйича транзакцияларнинг 80 фоизга яқин улуши Kaspi.kz'гa, 10 фоиздан ортиғи эса Halyk Bank'ка тегишли.
Kaspi.kz 20 миллион аҳолига эга Қозоғистонда ойига 14 миллион фойдаланувчига хизмат кўрсатади.
Тасодифий хабарлар
Ипотека банк мобил илова имкониятларини кенгайтирди
Ипотека банкнинг хусусийлаштирилишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди
Туркиянинг иккита йирик банки МИР карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди