HUMOни сотиб олиш учун жами 8 та компаниядан ариза келиб тушган — Давактив раҳбари

27.09.2024 13:34

661

HUMOни сотиб олишга Европа ва Осиёдан жами 8 та компания қизиқиш билдирган, ҳозирда улар ўрганилмоқда - Давактив раҳбари.

Фото: HUMO

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов "HUMO" тўлов тизимининг хусусийлаштирилишига изоҳ берган. Бу ҳақда у 26 сентябрь куни Spot мухбири билан суҳбатда гапирган.

А.Ортиқов сўзларига кўра, ҳозирда "Deloitte" компанияси сотув жараёнлари бўйича маслаҳатчи сифатида аризачиларнинг белгиланган мезонлар, жумладан, санкция таваккалчилигига мувофиқлигини таҳлил қилмоқда. Шунингдек Давактив раҳбари 22 август куни якунланган биринчи босқичдаги савдо якунлари ҳақидаги маълумотлар яқин вақтларда эълон қилинишига ваъда берган.

Акмалхон Ортиқовнинг маълум қилишича, Давактивга HUMO компаниясини хусусийлаштиришга қизиқиш билдирган жами саккизта сўров, жумладан, Европа ва Осиё давлатларидан келиб тушган.

Шунингдек мухбирнинг Қозоғистоннинг "Kaspi" финтех гуруҳининг HUMOни сотиб олиш бўйича сўров берганлиги ҳақидаги саволига, А.Ортиқов махфийлик келишувига кўра, аризачиларни оммага ошкор қила олмалигини айтган.

Давактив раҳбари Spotнинг "HUMOнинг минимал қиймати 60-80 миллион долларга баҳоланиши" қанчалик ҳақиқатга мос эканлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, “бу ҳақиқатга жуда яқин” эканлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖни хусусийлаштириш жараёни жорий йил июль ойида бошланганди. Компаниядаги 100% давлат улуши музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида сотилади. Deloitte халқаро компанияси ушбу савдо жараёнларида маслаҳатчи сифатида танланган бўлиб, савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади.

Теглар:

#давактив#humo

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган