HUMO тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёни бошланди

HUMO тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёни бошланди

Фото: Bankers.uz

"Миллий банклараро процессинг маркази" АЖни хусусийлаштириш жараёни бошланди. Компаниядаги 100% давлат улуши музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш усули асосида сотилади. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги хабар берди.

Deloitte халқаро компанияси ушбу савдо жараёнларида маслаҳатчи сифатида танланган. Савдо жараёни уч босқичда амалга оширилади, жумладан Сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш (Express of interest), Мажбуриятга эга бўлмаган таклиф (NBO) ҳамда Мажбуриятга эга бўлган таклиф (BO) тақдим этиш босқичлари, якуний босқичда талабгорлар томонидан таклиф этиладиган қатъий нарх таклифининг камида 1 фоизини кафолатли тўлов сифатида амалга оширилиши белгиланади. Шу билан бирга, активни баҳолаш учун "Катта тўртлик" (Big Four) гуруҳига кирувчи (Deloitte'дан бошқа) халқаро компания жалб этилади.

Қизиқиш билдириш босқичида иштирокчилардан қуйидаги маълумотлар билан сотиб олиш бўйича қизиқиш билдириш тўғрисидаги аризаларини (Эхпресс оф интерест) тақдим этишлари сўралади:

  • иштирокчи тўғрисида қисқача маълумот (шу жумладан, СТИР, фаолият тури) ва сотиб олинган тақдирда активдан фойдаланиш режалари;
  • иштирокчи устав капиталида 5 фоиздан ортиқ улуши мавжуд акциядорлар/таъсисчилар (эгалик улуши кўрсатилган ҳолда) ва якуний бенефициарлар тўғрисида маълумотлар;
  • охирги 3 йилги фаолияти бўйича молиявий ҳисоботи.

Талабгорлар қизиқиш билдириши тўғрисидаги аризаларини хоҳишларига кўра ўзбек, рус ёки инглиз тилларида тайёрлаб 2024 йил 22 август соат 18:00га (Тошкент вақти билан) қадар jmamadjanov@deloitte.uz электрон почта манзилига юборишлари лозим.

Талабгор ва унинг акциядорлари ёки иштирокчиларининг ҳеч бири давлат компанияси ёки устав капиталида давлат улуши бўлган компания бўлмаслиги керак. Талабгор компания (консорциум ҳолатида, консорциум аъзоларидан ҳеч бири) ва унинг тегишли шахсларидан ҳеч бири Европа Иттифоқи ва АҚШнинг, шунингдек йирик халқаро молия институтларининг (Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки) санкциялари рўйхатига киритилмаган бўлиши лозим.

HUMO ҳақида

"Миллий банклараро процессинг маркази»"АЖ – банк тўлов карталарига асосланган HUMO тўлов тизими Ўзбекистонда ва хорижда операцияларни амалга оширишга мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Жамият тўлов тизимининг оператори фаолиятини амалга оширишга доир Марказий банкнинг тегишли лицензиясига эга. Устав капитали: 155,4 млрд сўм. Айни пайтда 27 миллиондан ортиқ HUMO карталари чиқарилган бўлиб, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан ортиқ банкоматлар ўрнатилган. HUMO тўлов тизимининг 2023 йилда соф фойдаси 2022 йилга нисбатан 2 баробарга ортиб, 114,5 млрд сўмни ташкил этганди.

Эслатиб ўтамиз, Президент қарорига асосан Миллий банклараро процессинг маркази (HUMO тўлов тизими)даги 100 фоиз давлат улуши оммавий савдоларга чиқарилиши хабар қилинганди. Аввалроқ, 2023 йилнинг 30 ноябридаги Президент қарорига асосан HUMO тўлов тизими Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилган, агентлик эса бу ҳолатни "хусусийлаштириш билан боғлиқ эмас" деб изоҳлаганди.

Теглар:
×