HUMO тўққиз ойда ярим триллион сўмдан ортиқ соф фойда олди

29.10.2026 09:44

113

HUMO тўлов тизими оператори 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида қарийб 587 млрд сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 2,6 баробар кўп. Компаниянинг жами тушуми эса 1 трлн сўмдан ошди.

Фото: HUMO

«Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ (HUMO) 2026 йил учинчи чорак якунлари бўйича ҳисоботини эълон қилди. Миллий бухгалтерия стандартлари асосида тузилган ҳисоботга кўра, компаниянинг тўққиз ойлик соф фойдаси 586 миллиард 833 миллион сўмни ташкил этди (2025 йилнинг шу даврида – 223 млрд 967 млн сўм). Таққослаш учун, UZCARD шу даврда МҲХС бўйича 1,61 триллион сўм соф фойда олган.

HUMO'нинг тўққиз ойлик асосий кўрсаткичлари Манба: HUMO'нинг чораклик ҳисоботи

Компаниянинг соф тушуми 2,65 баробар ошиб, 1 трлн 9,4 млрд сўмга етди (ўтган йили 380,9 млрд сўм). Сотилган хизматлар таннархи эса секинроқ – 87,5 фоизга ошиб, 187,2 млрд сўмни ташкил этди. Натижада ялпи фойда 2,9 баробар ўсиб, 822,2 млрд сўмга етди, унинг тушумдаги улуши 73,8 фоиздан 81,5 фоизгача кўтарилди.

Давр харажатлари ҳам 2,9 баробар ошиб, 176,9 миллиард сўмни ташкил этди. Хусусан, сотиш харажатлари 2,1 миллиард сўмдан 48,4 миллиард сўмгача кўпайган. Маъмурий харажатлар 70,7 миллиард сўмни (+96,1%), бошқа операцион харажатлар 57,7 миллиард сўмни (2,5 баробар) ташкил этди. Асосий фаолиятдан олинган фойда 2,85 баробар ўсиб, 646 миллиард сўмга етди.

Фойда солиғи харажати 5,1 баробар ошиб, 73,4 млрд сўмга етди (ўтган йили 14,4 млрд сўм). Таққослаш учун, биринчи чоракда компания IT Park резиденти сифатида атиги 11,2 млн сўм фойда солиғи ҳисоблаган эди. Тўққиз ойлик натижаларга кўра, самарали солиқ ставкаси 6 фоиздан 11,1 фоизгача ошган.

Эътиборли жиҳати, ярим йиллик ва чораклик ҳисоботлар асосида ҳисобланганда, учинчи чоракнинг ўзида HUMO тахминан 345,7 млрд сўм тушум ва 175,9 млрд сўм соф фойда олган. Биринчи ва иккинчи чоракларда соф фойда тахминан 205 миллиард сўмдан бўлган.

Компаниянинг ўз маблағлари 54,1 фоизга ошиб, 963,9 миллиард сўмни, тақсимланмаган фойдаси 775,3 миллиард сўмни (+71,3%) ташкил этди. Устав капитали 155,4 миллиард сўмлигича қолган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил охирида давлатга тегишли HUMO акцияларининг 100 фоизи Paynet'га 65 млн долларга сотилган эди. Шундан сўнг компания 2025 йил баҳорида тарифларини қайта кўриб чиққан, хусусан, интернет-эквайринг комиссияси 0,03 фоиздан 0,1 фоизгача оширилган эди.

Аввалроқ HUMO'нинг бош компанияси Paynet 2026 йилнинг 9 ойида 780,2 млрд сўм (тахминан 65 млн доллар) соф фойда олгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#humo#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган