"Paynet" АЖ эълон қилган ҳисоботга кўра, компания январь-сентябрь ойларида 780 млрд 229 млн сўм соф фойда кўрди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги (330,5 млрд сўм) кўрсаткичдан 136,1 фоизга, 2025 йилдаги жами соф фойдасидан (395,1 млрд сўм) эса қарийб 2 баробар юқорироқ.

Инфографика: Bankers.uz / openinfo.uz
Компаниянинг соф тушуми 1,75 трлн сўмга етиб, бир йил олдинги 1,21 триллион сўмдан 44,8 фоизга ошди. Даврий харажатлар 43 фоизга ўсиб, 1,19 триллион сўмни ташкил қилди, яъни харажатлар тушумга нисбатан бироз секинроқ ортди. Сотиш харажатлари 918,5 миллиард сўмга (+37,5%) етди, маъмурий харажатлар 23,5 фоизга қисқариб, 64,9 миллиард сўмни ташкил қилди. Бошқа операцион харажатлар эса 2,6 баробар ошиб, 211,4 миллиард сўмга чиқди. Натижада асосий фаолиятдан олинган фойда 560,3 миллиард сўмга етди (+47,4%).
Соф фойданинг тезроқ ўсишига молиявий фаолиятдан олинган даромад сабаб бўлди: ҳисобот даврида 321,1 млрд сўм дивиденд даромади қайд этилган, ўтган йилнинг шу даврида дивиденд даромади бўлмаган. Ҳисоботда дивиденд тўловчи компания кўрсатилмаган. Дивиденд солиққача фойданинг тахминан 36 фоизини ташкил этади.
Эътиборли жиҳати, соф фойда рентабеллиги 27,3 фоиздан 44,5 фоизга ошган, асосий фаолият рентабеллиги эса деярли ўзгармаган — 31,4 фоиздан 32 фоизга. Бошқача айтганда, дивидендсиз фойда тушум билан деярли бир хил суръатда ўсган.
Ярим йилда Paynet соф фойдаси 615 млрд сўм бўлганини ҳисобга олсак, учинчи чоракда соф фойда қарийб 165 млрд сўмни ташкил қилган.
Баланс бўйича активлар йил бошидаги 1,74 трлн сўмдан 2,04 трлн сўмга (+17%) ошди. Хусусий капитал 1,41 трлн сўмга (+12,9%) етди: шундан тақсимланмаган фойда 415,3 млрд сўмдан 556,3 млрд сўмга, захира капитали эса 20,6 млрд сўмдан 40,4 млрд сўмга кўпайди. Устав капитали 815,3 млрд сўм даражасида ўзгаришсиз қолди.
Шу билан бирга, дебитор қарздорлик 127,6 млрд сўмдан 320,8 млрд сўмга (2,5 баробар) ўсди. Мажбуриятлар 630,3 млрд сўмни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 27,7 фоизга ошди.
Эслатиб ўтамиз, Paynet 2025 йилда 395,1 миллиард сўм соф фойда олган эди.
