HUMO ва UZCARD'нинг чораклик натижалари маълум бўлди

01.05.2026 12:52

77

2026 йилнинг дастлабки чорагида HUMO қарийб 206 млрд сўм (ўтган йил мос даврига нисбатан 329 фоизга кўп) соф фойда олгани маълум бўлди. UZCARD эса молиявий натижасини 42 фоизга оширган ва 437,4 миллиард сўм соф фойда олган.

Фото: Gemini

Ўзбекистондаги икки йирик тўлов тизими — "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO) ва "Ягона умумреспублика процессинг маркази" АЖ (UZCARD) 2026 йил I чорак якунлари бўйича ҳисоботларни тақдим этди.

HUMO

Миллий банклараро процессинг маркази 2026 йилнинг I чорагида 205,95 млрд сўмни ташкил қилди ва 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 157,94 млрд сўмга ёки 328,95% га ўсди. Компаниянинг тегишли давр учун ҳисоботи Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.

Ҳисоботга кўра, HUMO тўлов тизимининг чораклик даромадлари 308,62 млрд сўмга етган. Бу ўтган йилнинг I чорагидаги кўрсаткичдан икки баравар — 211,17 фоизга (+209,44 млрд сўм) кўпроқдир. Харажатлар эса камроқ 66,36 фоизга ошиб, 55,23 млрд сўмга етган.

2026 йилнинг январь-март ойларида компания активлари 714,36 млрд сўмдан 946,19 млрд сўмга ошган. Устав капиталида эса ўзгариш кузатилмаган (155,4 млрд сўм).

Соф фойдаси 3 баравардан кўпроққа ошганига қарамай, HUMO тўлов тизими I чоракда жуда камтар — 11,2 млн сўм даромад солиғи тўлаган. Бу HUMO'нинг 2025 йил 30 апрель куни IT Park резидентлари қаторига қўшилгани ва солиқ имтиёзларига эга бўлгани билан изоҳланади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан тўлов ташкилоти, тўлов тизими операторлари IT Park резидентлигидан чиқарилган.

Ҳисоботга кўра, Миллий банклараро процессинг марказининг 658,61 млрд сўмлик фойдаси тақсимланмай турибди.

Аввалроқ HUMO'нинг ягона акциядори ("Paynet" АЖ) қарори билан компаниянинг 2025 йилда олган соф фойдасининг 69,09 фоизи ёки қарийб 215,9 млрд сўми (ҳар бир акция учун 1 388,8 сўмдан) дивиденд тўлашга йўналтирилаётгани хабар қилган эдик.

Шунингдек, 2026 йил 28 апрель куни HUMO Paynet'нинг таъсисчиси "New Industrial Technologies" МЧЖга 205 млрд сўм (ёки соф активларининг 24,6 %) миқдорида қарз бериши маълум бўлган эди.

Яна қаранг: HUMO'нинг 2025 йилдаги соф фойдаси 312 млрд сўмдан ошди.

UZCARD

Ягона умумреспублика процессинг маркази 2026 йилнинг I чорагида 437,41 млрд сўмни ташкил қилди ва 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 129,83 млрд сўмга ёки 42,21% га ўсди. Компаниянинг тегишли давр учун ҳисоботи Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.

Ҳисоботга кўра, UZCARD тўлов тизимининг чораклик даромадлари 621,70 млрд сўмга етган. Бу ўтган йилнинг I чорагидаги кўрсаткичдан 38,30 фоизга (+172,17 млрд сўм) кўпроқдир. Харажатлар эса 41,35 фоизга ошиб, 199,95 млрд сўмга етган.

2026 йилнинг I чораги якунларида компания активлари 1,39 трлн сўмни ташкил қилган. Устав капиталида эса ўзгариш кузатилмаган (50,0 млрд сўм).

UZCARD тўлов тизими I чоракда 18,67 млрд сўм даромад солиғи тўлаган. Бу 2025 йилнинг мос даври (1,28 млрд сўм) билан солиштирганда 13,5 баравар (+17,38 млрд сўм).

Ҳисоботга кўра, Ягона умумреспублика процессинг марказининг 1,19 трлн сўмлик фойдаси тақсимланмай турибди.

Аввалроқ UZCARD акциядорлари қарори билан компаниянинг 2025 йилда олган соф фойдасининг 282 млрд сўми (ҳар бир акция учун 5 640 сўм ёки бир дона акция номинал қийматининг 564% миқдорида) дивиденд тўлашга йўналтирилаётгани хабар қилган эдик.

Яна қаранг: UZCARD 2025 йилда 1,3 трлн сўм соф фойда олди.

Теглар:

#uzcard#humo#HUMO-UZCARD#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган